Мирзиёев бозорлардаги нарх-наво “осмонга чиқиб кетганини” танқид қилди

Жамият 10616
image

Май ойида инфляция даражаси 1 фоизга ошди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан юқори. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтиб, ҳокимлар фаолиятини танқид қилди.

“Дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда. Албатта, бу бизга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Лекин, ҳамма вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам дунёда бўлаётган вазиятни баҳолаб, ишини тўғри ташкил қилаётгани йўқ. Буни бозорларимиздаги нарх-наво кўрсатиб турибди. Жумладан, май ойида инфляция даражаси 1 фоизга ошди. Бу ўтган йилдагига нисбатан юқори кўрсаткич”, дейди Мирзиёев. 

Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда нарх-навонинг ўсишига жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи – 33 фоизга, шакар – 14 фоизга, нефть – 47 фоизга ошгани бевосита таъсир кўрсатмоқда.

“Бундай шароитда ҳокимлар барча ички имкониятларни сафарбар этиб, бозорларни маҳсулотлар, энг муҳими – озиқ-овқат билан тўлдириш учун икки карра кўпроқ ишлашлари шарт. Лекин, кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборган”, дейди Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари барча ҳокимларга уч кун муддатда барча маҳалла ва қишлоқларда асосий маҳсулотлар билан таъминлаш даражасини ўрганиб, керак бўлса, бошқа ҳудудлардан тезкорлик билан етказиб бериш вазифаси қўйган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 484
Рейтинг: 3
t
×