Мирзиёев “БМТ-аёллар” тузилмаси директорини қабул қилди
Жамият
−
14 Май
3327Бугун, 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, "БМТ-аёллар" тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, БМТ делегацияси шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форуми дастури доирасида мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гендер тенглик масалалари бўйича етакчи институти раҳбари Президентимизга Бош котиб Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқеини тубдан яхшилаш ва жамиятдаги мақомини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларга юксак баҳо берилган.
Учрашувда мамлакатимизнинг "БМТ-аёллар" тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини илгари суриш соҳасидаги барча асосий халқаро конвенцияларга қўшилган, БМТнинг тегишли комиссияси ишида фаол иштирок этмоқда. Осиё хотин-қизлари форумининг самарали якунлари юқори баҳоланди. Ушбу форумни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди", дейилади хабарда.
Ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилган.
"БМТ-аёллар" тузилмасининг мамлакатимизда ваколатхонасини очиш масаласи қўллаб-қувватланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь