Мирзиёев Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлишини маъқуллади
Жамият
−
16 Октябрь 2023
4246Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Беларуснинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат миллий қонунчилик маълумотлар базаси сайтида эълон қилинди.
“Беларусь Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум тасдиқлансин”, дейилади Ўзбекистон раҳбари қарори матнида.
Ҳужжатга мувофиқ, ТИВ ШҲТ котибиятига республика халқаро шартнома кучга кириши учун ички давлат тартиб-қоидаларини бажараётгани тўғрисида билдиришнома юбориши белгиланган.
Қайд этиш жоизки, ШҲТда кузатувчи мақомида бўлган Беларусь 2022 йил июль ойида ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси мақоми учун ариза берган. Орадан бир йил ўтиб, ташкилотнинг виртуал тарзда бўлиб ўтган саммитида тўлиқ аъзо мақомини олиш борасида мажбурият меморандуми имзоланган.
Маълумот учун, ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, унга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон кузатувчи давлатлар, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, БАА, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкор давлатлар ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президенти Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш бўйича сўровини маъқулланганди. 4 июль куни Ҳиндистон раислигида виртуал тарзда ўтган ташкилотнинг 23-саммитида Эрон расман ШҲТга аъзо бўлди.
LiveБарчаси