Мирзиёев айрим мамлакатлардаги вазият сабаб Ҳукуматга янги топшириқ берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган айрим мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича республикамизнинг ҳар бир тармоғи ва ҳудуди кесимида аниқ чора-тадбирларнинг батафсил Режасини ишлаб чиқишга топшириқ берди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилмоқда. 

Унинг қайд этишича, Президентнинг Вазирлар Маҳкамасига топшириғида Молия тизимининг барқарорлиги, корхоналарнинг узлуксиз ишлаши ва режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари олдига транспорт-логистика тармоғининг ишончли фаолиятини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, бунда экспорт географияси янада диверсификация қилинишини ҳам ҳисобга олиш вазифаси қўйилган.

Вилоятлар ҳокимларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашни жадаллаштириш, шунингдек, инфляция даражасини доимий мониторинг қилиш ва истеъмол бозорида нархларнинг кескин тебранишларига йўл қўймаслик бўйича аввалдан чора кўриш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1239

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг