Мирзиёев “Арқадағ” билан халқаро вазиятни муҳокама қилди
Жамият
−
05 Декабрь 2024 3900 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов бугун, 5 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Туркман халқининг миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
"Илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши ва бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалалари томонларнинг эътибор марказида бўлди", дейилади хабарда.
Шунингдек, ўзаро мулоқот ва алмашинувлар сезиларли фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган. Ўтган ойда Туркманистонда Ҳудудлар форуми, саноат кўргазмаси ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Бундан ташқари, Ашхобод шаҳрида атоқли мутафаккир ва шоир Махтумқули Фироғий асарларининг ўзбек тилидаги тўплами тақдимоти ва ҳамда унга бағишлаб биргаликда суратга олинган бадиий фильм намойиши бўлиб ўтган.
"Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Юк ташишлар, шу жумладан Туркманбоши порти орқали кўпаймоқда. "Шовот-Тошовуз" чегараолди зонаси қурилиши давом этмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа йўналишларда кооперация кенгаймоқда", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, энергетика ва сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. Жорий халқаро вазият ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Туркманистон етакчисини яқинлашиб келаётган байрам – Бетарафлик куни билан самимий табриклаб, биродар туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги охирги учрашув 11 октябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтганди. Кўп ўтмай 14 октябрда улар телефон орқали мулоқот қилганди.
Live
Барчаси