Мирзиёев амалдорларни метрога олиб тушди
Жамият
−
29 Август 2023
20080Бугун, 29 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти метроси билан танишди ва жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“2017 йилда бу лойиҳани бошлаганимизда ишонмаганлар ҳам бўлган эди. Мана, Худога шукур, ерости ва ерусти метро йўллари боғланиб, ҳалқага айланди. Тўғри, оғир бўлди. Лекин халқимизга хизмат қиладиган, тарихда қоладиган йўл бу. Одамларимиз, фарзандларимиз бунда юриб, давлатдан рози бўлса, ниятимизга етган бўламиз”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёевга Бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, спикер ўринбосари - “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров, Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳамроҳлиқ қилган.
Айтиш жоизки, Тошкент метрополитеннинг қамровини кенгайтириш мақсадида ерусти метроси вужудга келган. Ўтган йилларда бу лойиҳанинг биринчи босқичи ва Сергели йўналиши очилган. Жорий йилда иккинчи босқич – Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти метроси қуриб битказилган.
Мазкур иккинчи босқич доирасида 12 километр эстакада йўл ва 7 та бекат барпо этилган. Бу оралиқдаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Бир кунда 40 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади.
Умуман, бугунги кунда Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан ошган. Шундан 38 километри 1977 йилдан кейин бунёд этилган бўлса, охирги 7 йилда 32 километр метро йўли қурилган. Бекатлар сони 50 тага етган. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 750 мингга етиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда Тошкентга мингта автобус олиб келинган. Натижада жамоат транспортидан кунига 1 миллион 400 минг нафаргача йўловчилар фойдаланмоқда. Бу шахсий транспортларга эҳтиёжни, пировардида кўчаларда тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлиши кутилмоқда.