Мирзиёев АҚШлик меҳмонни қабул қилди
Жамият
−
22 Август 2019
2770Бугун, 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга ташриф билан келган Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Хейлни қабул қилди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатларида изчил ривожланиш кузатилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўтган йилнинг май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган самарали олий даражадаги учрашувлар мамлакатлар стратегик шериклигида янги даврни бошлаб бергани таъкидланди.
АҚШ дипломати, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Дональд Трамп ва Давлат котиби Майк Помпеонинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Девид Хейл АҚШ Ўзбекистонда давлат қурилиши ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, аҳоли турмуши даражаси ва сифатини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни юксак баҳолашини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланаётгани билдирилди.
Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ва ушбу мамлакатни минтақавий жараёнларга жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларга оид ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар фаоллашгани ҳамда АҚШнинг етакчи компаниялари, банк ва ташкилотлари иштирокидаги қўшма лойиҳалар илгари сурилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил июнь ойида АҚШ биринчи сертификатланган иқтисодий миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунида илгари сурилган ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув сўнгида Давлат котиби ўринбосари Девид Хейл АҚШнинг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь