Мирзиёев Афғонистон бўйича гуруҳ тузишни таклиф қилди
Олам
−
17 Июнь
8379Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Хитой” форматида Афғонистон масаласини кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳ таъсис этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 17 июнь куни Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммитида сўз очди.
“Биз учун нафақат қўшни, балки умумий тарихий-маданий ва иқтисодий маконимизнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон муаммоларига халқаро ҳамжамият эътиборининг пасайиши жиддий ташвиш уйғотмоқда”, деди Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистоннинг ҳамкорлик бўйича бой тажрибага эга бўлган анъанавий шериклари сифатида унинг қайта тикланиши ва минтақавий интеграция жараёнларига жалб этилишига кўмаклашиш учун барча имкониятларга эга, деб ҳисоблашини билдирди.
“Шу муносабат билан форматимиз доирасида ушбу масалаларни кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳ таъсис этишни ва унинг учрашувини Афғонистон вакиллари иштирокида чегарадош Термизда ўтказишни таклиф этаман”, деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирлари доирасида Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматида саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилганди. Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.