Мирзиёев афғон халқи умуммиллий келишувга эришишидан умид қилмоқда

Жамият 1377
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонда умуммиллий келишувга эришиш, муаммони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва буни халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлашига умид билдирмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида гапирган. 

“Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди, дейди Шавкат Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда.

Президент ушбу конференция ўтказилишига сабаб бўлган омилларни санади. 

“Биринчидан, қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, конструктив сиёсат олиб бориш Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг умумий манфаатларига жавоб беради.

Иккинчидан, биз мамлакатларимиз ва минтақанинг узоқ муддатли истиқболи, келгуси ривожланишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қиладиган барқарор савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантириш тарафдоримиз.

Пандемия инсоният дуч келаётган янги таҳдидларни кучларимизни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш орқалигина енгиш мумкинлигини кўрсатди.

Биз ўзаро ҳамкорликни иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантириш ва инновацияларни кенг жорий этиш орқали мустаҳкамлашга объектив эҳтиёж сезмоқдамиз.

Учинчидан, Афғонистон Ислом Республикаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини амалда таъминлашнинг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади.

Ишонамизки, минтақавий шериклигимиз ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, унинг иқтисодий тикланиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бугун Афғонистон ўзининг энг янги тарихидаги муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда.

Биз донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига аминмиз.

Афғон заминида кўпдан буён кутилаётган тинчликка эришиш учун можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва бу жараён халқаро ҳамжамият томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши принципиал муҳим аҳамиятга эга.

Бу Афғонистоннинг умумминтақавий жараёнларга интеграцияси учун янги истиқболлар эшигини очади.

Тўртинчидан, хавфсизлик ва барқарорлик – минтақаларимизнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқаларимиз мустаҳкамланишининг асосий шартидир.

Бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир ва уни фақат конструктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкин”, дейди Президент Мирзизёев.

Эслатиб ўтамиз, конфренцияда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ҳам иштирок этди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 2.9
t
×