Миразиз Бозоров судига журналистлар асоссиз равишда киритилмаяпти (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судидида ЛГБТ ҳимоячиси Миразиз Бозоровга нисбатан очилган жиноий иш бўйича суд мажлиси бошлангани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ мухбири ушбу суд мажлисида иштирок этиш учун воқеа жойига етиб борди. 

Воқеа жойидан хабар қилинишича, суд мажлиси очиқ тарзда ўтказилинаётганига қарамай, унга оммавий ахборот воситалари ходимлари киритилмаяпти. 

QALAMPIR.UZ мухбири Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биноси олдида Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Садоқат Аллаберганова билан нимага оммавий ахборот воситалари ходимлари судга қўйилмаётгани юзасидан суҳбатлашган. 

Журналистлардан камерани ўчиришларини талаб қилаётган Аллаберганова суд мажлисига пандемия сабаб ҳеч ким киритилмаётганини айтган. Шунингдек, у агар оммавий ахборот воситалари ходимларида манфий ПЗР-тест натижаси бўлса, суд залига киритилишини қайд этган. Ҳолбуки журналистларга ушбу суд жараёни ҳақида хабар берилганда улар фақат ПЗР-тест натижаси билан киритилиши ҳақида айтилмаган. 

Суд биноси атрофига тўпланган журналистлар Аллабергановага юзланиб, очиқлик ва ошкоралик принциплари бузилаётгани, суд гўё очиқ тарзда ўтказилиб, аслида унга ҳеч ким киритилмаётгани, бунда эса пандемия қурол сифатида ишлатилаётганини айтмоқда. Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби эса бу гапларга жавоб бермай, бинога кириб кетган. 

 

Эслатиб ўтамиз, Республикаси махсус комиссиясининг қарорида суд ва бошқа жамоат жойларига ПЗР-тест натижаси билан кириш юзасидан ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Шундай экан судларда бу тартибни жорий қилишга ким рухсат берди? Қонун ҳимоя қилиниши керак бўлган жойда қонун бузилмаяптими? 

Миразиз Бозоров иши 

2021 йилнинг 11 март куни Миразиз Бозоров TikTok’даги саҳифаси орқали ЛГБТ ҳимоячиларига мурожаат билан чиқиб, ҳар жума Ҳазрати Имом мажмуаси жойлашган майдонда тўпланиш ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таклифини билдирган эди. 

28 март куни соат 15:00 атрофида пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбони атрофида жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб юборилишига қарши жамоатчилик вакилларининг норозилик намойиши бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ИИББга кўра, 3-4 нафар фуқаролар Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган. Ушбу фуқароларга 20-25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этган. Воқеа жойида хизмат қилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимларининг аралашуви билан Т.С. ва Б.Р. ҳимоя қилиниб, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўйилмаган. Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланган.

Шунингдек, 28 март куни тахминан соат 22:45 ларда Миробод тумани Афросиёб кўчаси 21-уй олдида 3 нафар номаълум шахслар 1991 йилда туғилган Бозоров Миразиз Мирзажон ўғлини уриб, тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган. Олган тан жароҳатлари билан Миразиз Бозоров шифохонага ётқизилган.

Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, ушбу фуқарода бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

2021 йилнинг 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза келиб тушган бўлиб, унда Миразиз Бозоров интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган. 

Шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушган бўлиб, унда Интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатгани ва шу билан уларнинг обрўсини топтагани учун Миразиз Бозоровга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, Базаров Миразизнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандида (“Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш”) назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги аниқланиб жиноят иши қўзғатилди.

Воқеалар авжига чиққан бир пайтда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга янги таҳрирдаги жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб ташлашни сўраб, мурожаат киритган эди. Айни вақтда мазкур масала сиёсат ва дин вакиллари, жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Депутат Расул Кушербоев биринчилардан бўлиб Human Rights Watch’нинг талабига қарши чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий эса QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонга йўллаган ушбу мурожаати ва талаби давлат ва халқ ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилганини урғулади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров эса мммавий тартибсизликлар орқали диний чекловлар ўрнатилишидан манфаатдорлар борлигини айтиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миразиз Бозоров иши

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар