Минглаб кўчатларни йўқ қилган 29 нафар “каттакон” жавобгарликка тортилади
Жамият
−
05 Август 2023
6479Ўзбекистонда минглаб кўчатларни нобуд қилган ва қўшиб ёзган 29 нафар раҳбар жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, Қорақалпоғистон Республикасида кўчатлар суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилиши ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги оқибатида жами 333,1 минг туп кўчатлар нобуд бўлишига йўл қўйилган. Бажарилган ишлар ҳажмига электрон платформа орқали амалда экилмаган жами 136,1 минг туп кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги жамоат жойларида 127,5 минг туп кўчат экилгани қайд этилган бўлсада, амалда кўчатларнинг аксарияти (90 фоизи) қайта экиш учун мўлжалланган питомниклардаги қаламчалар бўлиб, марказий кўчаларга экилган кўчатларнинг 30 фоизи суғорилмаган. Агротехник тадбирлар амалга оширилмагани оқибатида қуриб, ўсувчанлик қобилиятини йўқотган.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида жами 1355 туп дарахт кўчатлари, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида экилган 3,5 минг туп кўчатларнинг ярмидан кўпи қаровсизлик оқибатида нобуд бўлган.
Шу билан бирга, Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида 2435 туп амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар ободонлаштириш тизими ходимлари томонидан ўзлаштирилган.
Ҳозирга келиб, ўз вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан қараб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи ҳал этилаётгани айтилмоқда.
LiveБарчаси