Минг кишилик ошларимиз бор экан, ОТМларга имтиҳонсиз қабул тизими бўлмайди – Тошқулов
Жамият
−
22 Май 2021
12840Тошкент Беш ташаббус ҳаракати иккинчи кунида ҳам ҳукумат вакиллари билан учаршувлар ўтказилиши давом этмоқда. Бугун, 22 май куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчилардан бири ОТМларга имтиҳонсиз қабул тизимини жорий қилиш таклифини илгари суриб, хориждаги аксарият олийгоҳларда талабалар ўқув жараёнида саралаб олинишини мисол қилиб келтирди.
Вазир бунга жавобан хорижда ўқишга кириш осонлигини, битириш эса қийинлигини айтди ва Ўзбекистонда бунинг акси эканини таъкидлади.
“Маълумки, хориждаги ОТМларда қабул осон, битириш қийин. Бизда эса кўпчиликка бунинг акси – ўқишга кириш қийин, битириш осондек туюлади. Хориждагидек тартиб амал қилишини мен ҳам хоҳлайман. Лекин битта масала: бизда бу ўзбекчилик-да, 300 дан 1000 кишигача ошларимиз бор экан, талабани ўқишдан четлатиб бўлмайди, менимча. Гапимнинг маъносини тушундингиз деб ўйлайман. Лекин бу сизнинг таклифингиз бўлмайди дегани эмас. Биз шунга қараб интиляпмиз.
Қайси ОТМда шаффоф муҳит бўлса, гуруҳда яхши ўқиган талаба кейинги курсга ўтиб, ўқимагани курсдан қолса, ана ўша ерда буни жорий қилса бўлади.
Лекин, ҳозирча бу бизга тўғри келмайди. Сабаби боя айтганимдек “бизда ошларимиз бор” деган жумла замирида жуда катта маъно бор”, деди вазир.
Аввалроқ, вазир Тошқулов ОТМларни битирувчи талабалар ҳудди ўқишга кираётганда бўлганидек, ДТМ имтиҳонини топшириши кераклигини таклиф қилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси