Миллий либосларни тарғиб қилган аёлларни ҳақоратлаган эркак 15 суткага қамалди

Жамият

image

Апрель ойида “Замонавий аёллар” клуби томонидан “Atlas Party” номли миллий либослар тарғибот тадбири ўтказилиб, тадбирдан лавҳалар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилганди. Ушбу лавҳаларга нисбатан номаълум эркакнинг мазкур тарғибот тадбирида иштирок этган аёлларни обрўсизлантирувчи ҳақоратли сўзлари акс этган видео тармоқларга сиздирилиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан “Atlas Party” тадбирининг бир қатор иштирокчилари ички ишлар идораларига ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўриш учун ариза билан мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор-суриштирув тадбирлар натижасида мазкур шахс 1988 йилда Сирдарё вилоятида туғилган фуқаро М.Д. экани аниқланган.

Жорий йилнинг 23 апрель куни фуқаро М.Д. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга таклиф этилган ҳамда у ўзининг шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда атлас тарғиботини олиб борган аёлларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатганини таъкидлаган.

Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати тегишли тартибда Шайхонтоҳур туман суди томонидан кўриб чиқилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) асосида М.Д.га нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

“Ҳурматли фуқаролар! Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга риоя қилишга чақирамиз”, дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, ушбу ҳолатга Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳам муносабат билдирган.

“Оила ва хотин-қизлар қўмитаси жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган миллий либослар намойишига бағишланган тадбир иштирокчиларининг ижтимоий тармоқларда фойдаланувчи томонидан видео чиқиш орқали ҳақоратланишини юртимиз хотин-қизлари шаъни ва қадр-қимматини камситиш деб билади ва бу ҳолатни кескин қоралайди”, дейилади қўмита муносабатида.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг