Миллий гвардия ходимининг фуқарони калтаклагани ҳақидаги хабарга ИИВ изоҳ берди

Жамият 10701
image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “Миллий гвардиячимиз" деганлар ўғлимни калтаклади, ИИБ ходимлари томошабин бўлиб турди” сарлавҳаси билан тарқатилган мақолага муносабат билдирди. Ҳолатга Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ойдинлик киритилди.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, 2018 йилнинг 9 декабрь куни Ангор тумани “Янги турмуш” маҳалласи аҳолисидан ИИБ навбатчилик қисмидаги “102” телефонига, Шўрчи туманида яшовчи “Санжар” исмли шахс маст ҳолда уйига кириб, жанжал қилаётгани ва қўшниларни тинчини бузаётгани ҳақида хабар келиб тушади. Воқеа жойига ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспектори юборилади. Профилактика инспектори томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Шўрчи тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи фуқаро Санжар Жумаев ўз кўрсатмасида 2018 йил 8 декабрь куни соат 12:00 ларда Ангор тумани “Қадимий-Ангор” маҳалласида яшовчи холасининг уйига қурилиш ишларига ёрдам бериш учун келганлигини, ишларни тугатиб, овқатланиш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, кейин маст ҳолатда фуқаро Ж.Назарқуловнинг уйига кириб борганлигини, фуқаро Ж.Назарқулов эса уни қўли билан уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилган.

Ангор тумани Тиббиёт бирлашмасининг 2018 йил 9 декабрь кунидаги далолатномасида фуқаро С.Жумаев алкоголь мастлик ҳолатида бўлганлиги қайд этилган.

Сурхондарё вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2018 йил 20 декабрдаги экспертиза хулосасида, фуқаро С.Жумаевда бир қанча тан жароҳатлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ангор тумани прокуратураси томонидан ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган ва хизмат текшируви ўтказиш белгиланган. Натижада ходимларнинг хатти-ҳаракатларида қонун бузиш ҳолатлари аниқланмаган ва ушбу ҳолатда Миллий гвардия ходимлари бўлмаганлиги аниқланган. Фуқаро С.Жумаев ИИБга берган кўрсатмасида ҳам бирор марта Миллий гвардия ходимлари тўғрисида гапирмаганлигини маълум қилди.

Бугунги кунда С.Жумаевнинг тан жароҳати олиши, унга тегишли автомашинага техник шикаст етказилганлиги юзасидан айбдорларни аниқлаш мақсадида, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан 2019 йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Ангор тумани прокуратурасига юборилган.

Мазкур жиноят иши бўйича ички ишлар ходимларининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун Ангор тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 2.9
t
×