Мигрантларга йўл ҳақи, патент ва суғурта учун 10 миллион сўмгача кредит ажратилади – Президент топшириғи

Жамият

image

Бугун, 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу масала Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай форматда муҳокама қилинмоқда.

Мамлакатда ҳар йили 600-700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилмоқда. Шунинг учун, қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда. Бу табиий жараён, барча ривожланаётган давлатлар шундай босқичдан ўтган. Қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпайган.

Кейинги йилларда хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилашга эътибор кучайди. Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди. Чет элларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шунга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп.

Йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳокимликларга чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. 

Хорижда ўзбекистонликлар муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, ўша корхоналар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш зарур.

Шу боис бу борада янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, ҳудудлардаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилади. Бу филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланади.

Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 августда қабул қилинган қарорида аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитиш чора-тадбирлари белгиланган эди. Йиғилишда мазкур қарорнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Жумладан, чет элда ишлашни истаган фуқароларнинг малакасини ошириш, бунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, махсус курслар ва моно-марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу масканлардаги ўқув дастурлари, малака кўникмаларини хорижий иш берувчиларнинг талабига мослаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун Хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Шунингдек, чет эллардаги меҳнат миграциясига оид тартиб-таомилларни фуқаролари учун енгиллаштириш, ўзбекистонликлар кўп ишлайдиган шаҳарларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш бўйича топшириқлар берилди. Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, бу бўйича онлайн платформа ва “Call-марказ” ташкил этиб, малакали адвокатларни жалб қилиш вазифалари қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат элчихоналари ўзга давлатлардаги ватандошлар диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юртпарварлик, меҳр-оқибат ҳисси билан хориждаги фуқароларга ёрдам бериб келаётган шахсларни эътироф этиш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Чет элда меҳнат қилаётганларни ватани билан боғлаб турадиган энг катта восита маданият эканини инобатга олиб, улар учун шундай тадбирларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, телевидениеда Ўзбекистон элчихоналари ва консулликларининг халқ хизматидаги фаолиятини кенг ёритиб бориш тавсия этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетган юртдошларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Хорижда ишлаб, малака орттириб қайтган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда улар билан манзилли ишлайдиган, молиявий қўллаб-қувватлайдиган тизим яратилиши белгиланди.

Бунинг учун сектор раҳбарлари, меҳнат ва маҳалла идоралари вакиллари ўз ҳудудидаги шундай ташаббускорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг бизнес лойиҳаси билан танишади. Рўйхатдан ўтишга кўмаклашиб, 3 ойгача ижара тўловлари бўйича субсидия берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун кредит ресурслари ажратилади ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир масала – хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тизимида атиги 4,5 минг нафар киши рўйхатга олинган. Шу боис мутасаддиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизимини мигрантлар учун ҳам татбиқ этиш бўйича кўрсатма берилди.

Бош вазир ўринбосарларига ташкиллашган миграция бўйича иқтисодий, молиявий ва ташкилий-ҳуқуқий кўмак тизимини жорий этиш юзасидан алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Унда мамлакатда касб ва тилга ўргатиш, хорижда ишлаш кўникмаларини шакллантириш, йўлкира, патент, суғурта, пенсия ва кредит масалалари қамраб олинади. Шунингдек, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида хориждаги фуқароларга муносиб шароит яратиш, чет элдаги банклар орқали уларни кредитлаш механизмлари назарда тутилади.

Йиғилишда белгиланган устувор вазифалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари, элчилар ахборот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

134

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг