Метронинг “Сергели–Қўйлиқ” йўналиши қурилишида 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади
Жамият
−
03 Июнь 2021
3897Тошкент шаҳридаги “Сергели–Қўйлиқ” ер усти метроси қурилишида уч туманда жами 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов маълум қилди.
Маълум қилинишича, Давлат экология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутасаддилари соҳа мутахассислари ва эколог-инспекторларни жалб қилган ҳолда, қурилиш режалаштирилган катта ҳудуддаги дарахтларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказган. Унга кўра, ер усти метросининг Миробод туманидан ўтадиган қисмида 66 та, Сергели туманидан ўтадиган қисмида 168 та, Янги ҳаёт туманидан ўтадиган қисмида эса 551 та (жами 785 та) дарахт борлиги аниқланган.
“Буларнинг орасида сафора, терак, арча, тут, ёнғоқ, ўрик, эман, шумтол, қайрағоч, чинор сингари дарахтлар бор. Уларни қаерга кўчириш маҳаллий туман ҳокимликлари билан, қандай кўчириш эса биолог олимлар билан маслаҳатлашилмоқда. Мақсад битта — имкон қадар барчасини сақлаб қолишдан иборат”, дейди Ражабов.
Табиий савол туғилиши мумкин: барибир бир неча дарахтни кесишга тўғри келганда ушбу ёғоч хомашёсидан ким, қандай фойдаланади? Таъкидланишича, бу савол ҳам экологлар томонидан қурилиш ташкилотлари ва ҳокимликлар олдига қўйилган. Масаланинг ечими сифатида эса аввал дарахтни Ободонлаштириш бошқамаси балансига ўтказиш ва шундан кейин ёғочни ё ҳунармандларга тақдим этиш ёки бошқарманинг зарурий эҳтиёжлари учун ишлатиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
LiveБарчаси