Метрода навбатдаги носозлик: Ҳайит куни йўловчилар сарсон бўлди  

Жамият 9501
image

Бугун, 13 май куни ижтимоий тармоқларда метрода яна носозлик рўй бергани акс этган видеолавҳалар тарқала бошлади. 

Маълум бўлишича, соат 10:30 дан 11:00 гача бўлган оралиқда Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналиши “Буюк Ипак йўли” метро бекатидаги йўловчилар поезд келишини 30-40 дақиқа кутган. Оқибатда метрополитенда жуда кўп одамлар йиғилиб қолган. 

Вазиятдан чиқиш учун, йўловчилар “Амир Темур хиёбони” метро бекатигача ўз йўналишига тескари ҳаракатланган поездларда етказилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” УК расмий изоҳ берди.
 
Унга кўра, Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишида техник-профилактика ишлари олиб борилиши муносабати билан соат 10:30 дан 11:00 гача поездлар айланмаси “Aмир Темур хиёбони” бекатига амалга оширилган.

Поездлар Сергели йўналишининг “5-бекат”дан “Aмир Темур хиёбони” бекатигача график асосида ҳаракатланиб, “Aмир Темур хиёбони” бекатидан “Буюк Ипак йўли” бекатигача поездлар бир томонлама ҳаракатланган.

Айни вақтда поездлар ўрнатилган тартибда ва ҳаракат жадвалига асосан ҳаракатланаётгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Тошкент метросининг тўлақонли ҳаракатланишида бир неча маротаба узилишлар рўй берди. Бу ҳолатларнинг баъзиларида метро поезди манзилга етиб бормай, йўлнинг ўртасида тўхтаб қолиб, одамларни сарсон қилган бўлса, бошқаларида поезднинг эшиклари ёпилмай қолиб, йўловчиларнинг ҳаётини хатарга қўйди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 289
Рейтинг: 3
t
×