Мессининг “Барселона”га қайтиши клубга қандай фойда келтиради?
Спорт
−
19 Апрель 2023
4500“Барселона” Лионель Мессининг трансфери клубнинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатишини кутмоқда. Аргентиналик ҳужумчининг қайтиши Каталония жамоаси учун устувор вазифа ҳисобланади. Клуб бош мураббийи Хави Мессининг жамоага қайтишини тахмин қилиб, янги мавсум учун режалар тузмоқда. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” хабар берди.
Манбага кўра, “Барселона” Леони спорт ва молиявий сабабларга кўра қайтаришни истамоқда. Қайд этилишича, Мессининг қайтиши “Барселона”нинг келаси мавсумдаги умумий даромадининг 25 фоизини ташкил қилиши мумкин. Клубдаги баъзи прогнозларга кўра, бу улуш 33 фоизга етиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, пандемиядан олдин Мессининг “Барселона” даромадига таъсири йилига 250-300 миллион еврони ташкил қилган.
“Барселона” аргентиналик футболчига 1 ёки 2 йиллик шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда. Агар Месси иккинчи вариантга рози бўлса, у клубнинг 125 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади.
35 ёшли ҳужумчининг ПСЖ билан шартномаси жорий мавсум охиригача амал қилади.