Месси Аргентина ОАВларини судга бермоқчи
Sport
−
10:06 6598 1 minute
“Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Месси отаси Хорхе Мессининг дафн маросими пайтида оиласининг шахсий ҳаётига тажовуз қилган, деб ҳисоблаган Аргентина ОАВларига қарши судга мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда аргентиналик журналист Фран Касаретто X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, дафн маросими ёпиқ тарзда ўтказилишига қарамай, айрим Аргентина ОАВ вакиллари маросимга яширинча кириб, сурат ва видеоларни тарқатган. Месси бу ҳолатни оиласининг шахсий ҳаётига тажовуз сифатида қабул қилган ва ушбу ОАВларга нисбатан ҳуқуқий чора кўришни режалаштирмоқда.
“Месси Хорхе Мессини дафн маросими пайтида оиласининг шахсий ҳаётини бузган Аргентина оммавий ахборот воситаларига қарши қонуний чоралар кўришини тасдиқлади”, деб ёзган журналист.
Мессининг отаси билан видолашув маросими кеча, 9 август куни бўлиб ўтди. Дафн маросими юқори даражадаги хавфсизлик чоралари остида ўтказилди. Бир қатор манбалар маросимда фақат оила аъзолари иштирок этганини хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 август куни Лионель Мессининг отаси Хорхе Месси 69 ёшида Аргентинанинг Росарио шаҳрида вафот этганди.
Live
All