Мерос қолдирилган ерларни олиб қўйиш тартиби белгиланди

Жамият 8957
image

Олий Мажлис Сенатининг бугун, 28 май куни бўлиб ўтаётган 26-ялпи мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинди. 

Қонун билан Фуқаролик, Ер, Шаҳарсозлик ва Бюджет кодексларига ҳамда “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа шу каби қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Юқоридаги қонунларга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмунига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод ва доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун қонунчиликда белгиланган компенсация тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солиниши, низоли вазиятларнинг олди олиниши, мулк эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши инобатга олиниб, ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, Сенат ялпи мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ҳам маъқулланди. Эндиликда Ўзбекистонда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишининг аниқ тартиблари амал қилади. Унга кўра, фуқароларнинг мулк ҳуқуқи таъминланади, ҳатто, ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, 15 йил давомида ҳалол ва узлуксиз мулкка эгалик қилиб келганлар ҳам “снос”га тушган мулки учун давлатдан конпенсация олиши мумкин.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 193
Рейтинг: 3
t
×