“Менга 40 минг одам қанча берганини эслайман”. Аҳмадбой Президентдан афв сўрамоқда
Жамият
−
31 Январь 2020
47904Халқ орасида Аҳмадбой ҳақида кўп ва хўп гапирилди. Фирибгарликка қўл урган бу шахсга алданганлар бўйича суд жараёни ҳамон давом этмоқда. 30 январь куни, Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлиси тортишувларга бой ўтди. Суд мажлисида жабрланувчилардан фақатгина бир нафари кўрсатма бериш учун ҳозир бўлди. Суддан сўнг, Аҳмадбой ўзининг келажакдан умиди катта экани ҳақида айтиб интервью берди.
Суд мажлиси бошида кўрсатма берган жабрланувчининг гаплари қўйидагича бўлди:
“2016 йил бўлгани учун эсдан чиққан. Битта Lacetti машинасини сотиб, пулини берганман. Аниқ неча пул берганимни эслай олмаяпман. Лекин шуни биламанки, бирор марта пул олмаганман”, дейди шикоятчи Саидмурод Амиров.
Бунга жавобан айбланувчи Аҳмаджон Турсунбоев жабрланувчидан неча марта пул топширгани, пул ёки автомобиль топширганми, катта миқдордаги пулни нега эслай олмагани ҳақида сўради. “Ёш бола эмассан-ку, шунча пул берганингни аниқ миқдорини билмайсанми? Менга пул берган 40 минг одамни эслайман. Қўлингда чекинг борми ўзи?”, дея жабрланувчига ўз эътирозини билдирди.
Шундан сўнг, раислик қилувчи судъя жабрланувчига юзланди. “Сизга булар 14 минг АҚШ доллари миқдорида пулни 12 ойга бўлиб, ҳар ой 1140 доллардан бериб келиши керак эди, тўғрими? Сизга берганми бирор марта пул?”, дея савол берди судья. Жабрланувчи бирор марта пул олмаганини айтди.
“Барака топгур. Берган пулингни нега эслолмайсан? Пул-ку бу. Ё сен 100 фоиз алдаяпсан, ёки умуман пул топширмагансан. Сен топширмагансан пул менга. Топширганингда аниқ қилиб гапирардинг. Пул-ку бу, ахир. Ёки пулингни ўртакаш киритган, сен киритмагансан”, дейди Аҳмаджон Турсунбоев.
Суд мажлиси сўнггида раислик қилувчи судъя Аҳмадбой томонидан ушбу жабрдийдага берилиши керак суммани аниқлаштирди.
“Аввал ўтган суд ишида сизга 5864 доллар ундирилиши белгиланган экан. Бу бўйича мажбурий ижро ундириш ишини олиб боради. Бундан ташқари, сиз булардан олиш керак бўлган маблағ – 1140 АҚШ доллари бўлиб чиқмоқда”, дея аниқлик киритди судья.
Суд мажлиси якунида, судья бу пулларни суд ҳукми чиққанидан сўнг, мажбурий ижро орқали олишини айтди. Суд мажлисидан сўнг, шахсан Аҳмаджон Турсунбоев QALAMPIR.UZ’га интервью берди.
“Бизда ҳаммаси ҳисоб-китобли. Фуқаролар Худо хоҳласа пулини олади. 12 мингта жабрланган фуқароларнинг ҳаммаси пулини олади. Профессионал тартибда олади. Масалан, 10 миллион сўм пул берган одам 2 миллион сўм олади. Агар 30 фоиз оладиган бўлса, 3 миллион сўм олади.
Бу ерга келган фуқаролар неча пул берганини билади. Лекин судга, терговчига тўғрисини айтмайди. 3 минг доллар берган бўлса, 4 минг деб юборяпти кўп фуқаролар. Терговчи ва судъя фолбин эмас-ку. Айрим фуқаролар тўғрисини айтиши керак-да. Мен бу фаолиятимни 2006 йил бошлаганман. Мен қорамол билан иш қилганман. Мен 6 ой, 1 йилга қорамоллар билан иш қилиб юрганман. Йил давомида ўзим 200-300 хонадондан мол олиб, 1 йил айлантирардим ва ҳар бир хонадонга ўзим бориб тарқатардим. Касса қилиш 2014 йилда бошланган.
Одамлар мен билан олди-берди қилиб юрарди. Ишимни тўхташимни, одамларга пулларини беришимни айтганимда одамлар қўймаган, ишлашим зарурлигини айтишган. Берган пулларимни ҳам ўзимга қайтариб беришган. Қачонгача одамларга фоиз тўлаб ўтиб кетаман, деб тўхтатмоқчи бўлганман. Бу фаолиятни юргизишда жуда қийналганман”, дейди айбланувчи.
Аҳмадбой Турсунбоев давлат раҳбаридан афв кутаётганини, агар кечирилса, чорва ва картошка экиш билан шуғулланмоқчилиги ҳақида гапирди.
“Мухтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг илойим умрлари узоқ бўлсин. Бола-чақасини роҳатини кўрсин. Ҳеч қачон ўлмасин шу инсон. Мухтарам Президентимиз афв этсалар, чорва ва паррандачилик билан шуғулланаман. Мен ўзимнинг соҳам ўзи – чорва. Шунингдек, ўзим деҳқончлилик қиламан. Йилига 80-90 гектар картошка экардим. Шу ишимни қиламан”, дея умид қилмоқда Аҳмадбой.
Маълумот ўрнида, жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16 нафар) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича тўртинчи очиқ суд бўлиб ўтмоқда.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов раислигида кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь