Мен ядровий урушларнинг олдини олдим – Трамп
Олам
−
06 Февраль 2804 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп дунёда учта ядровий урушнинг, жумладан Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий ядровий можаронинг олдини олганини маълум қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари “Truth Social” ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Трампнинг айтишича, у Президентликдаги биринчи муддати давомида АҚШ Қуролли кучларини тўлиқ қайта шакллантирган, армияга модернизация қилинган ядровий қуролларни киритган ва космик кучларни ташкил этган.
“Мен дунё бўйлаб Покистон ва Ҳиндистон, Эрон ва Исроил, шунингдек Россия ва Украина ўртасидаги ядровий урушларнинг олдини олдим. “Янги СТАРТ” шартномасини (АҚШ томонидан тузилган ва бундан ташқари қўпол равишда бузиб келинаётган келишувни) узайтириш ўрнига, биз ядровий масалалар бўйича мутахассисларимизга узоқ муддат амал қила оладиган янги, яхшиланган ва модернизация қилинган шартномани ишлаб чиқишни топширишимиз керак”, деган Трамп.
Қайд этиш жоиз, Украинада ядровий қурол мавжуд эмас. 1990 йилларнинг биринчи ярмида Киев қуролсизланиш бўйича бир қатор ҳужжатларни имзолаган ва Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган.
Украинанинг шартномага қўшилиши муносабати билан Будапешт меморандуми имзоланган бўлиб, унга кўра Украина ҳудудида жойлашган барча ядровий қуроллар Россияга топширилган ёки йўқ қилинган.
Ядровий қуроллар билан боғлиқ вазиятдан БМТ ҳам хавотир билдирган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддати тугашини изоҳлар экан, ядровий қурол қўлланиши хавфи “сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори даражага” етганини айтган.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс эса АҚШ Россия, Хитой ёки бошқа исталган давлат билан дунёдаги ядровий қуроллар сонини камайтириш бўйича ҳамкорлик қилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ва АҚШ ўртасида сўнгги ойлар давомида кескинликнинг пасайиши сабаб томонлар ядровий музокараларни қайта бошлаш масаласида олдинга силжиётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси