Мен унга ҳеч қачон ишонмаганман – Алламжонов ССВнинг коронавирус бўйича статистикаси ҳақида
Жамият
−
17 Март 2021
12824Ўтган йилнинг июль-август ойларига келиб Ўзбекистон жамоатчилиги орасида коронавирус бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилаётган статистикага нисбатан ишончсизлик ортди. Касалланиш ҳолатлари авжига чиқиб, шифохоналарда ўринлар етмай қолган, ўлим ҳолатлари ортган бўлса-да, ССВ мамлакатдаги асл вазиятни яшириб, беморлар сонини камайтириб кўрсатди, деган айбловлар ҳамон яшаб келмоқда. Жумладан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам шу фикрда. У QALAMPIR.UZ’нинг #CoronaMarafoni жонли мулоқотида қўл остидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлардан коронавирусга чалинганлари ССВнинг статистикасига киритилмаганини айтди.
“Мен статистикага ишонганим йўқ, албатта. Расмий статистикадаги рақамларни кўриб айтаманки, мени ходимларим ўша статистикада аниқ йўқ эди. Ҳолбуки, ўша вақтларда қанчадан-қанча ходимларим касал бўлди. Биз статистика нима асосида юритилаётганини сўраганимизда, фақат тест топширганлар рўйхатга олинганини айтишди. Касал бўлганлар эса жуда кўп эди, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам тест топшира олмади. Ўлим борасидаги фикрим ҳам шу.
Айнан тест топширганларнинг сонидан келиб чиқиб статистикани белгиладик, деб айтишди. Албатта, статистика нотўғри эди ва буни ёзаётганлар ҳам билар эди. Билмадим. Бу менинг қарорим эмас. Оқлолмайман ҳам, ёмонлолмайман ҳам. Ҳар битта ҳолатнинг сабаби бордир. Лекин фикримча, статистика нотўғри эди. Мен унга ҳеч қачон ишонмаганман”, дейди Комил Алламжонов.
Айни вақтда қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республикаси махсус комиссияси, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ва ўлим бўйича юритилган статистиканинг ҳаққоний эканини иддао қилиб келмоқда. Унга кўра, статистикага коронавирус тестини топшира олган ва ижобий натижа чиққанларгина киритилган.
Ҳозирда Ўзбекистонда расмий статистикага кўра, коронавирусга чалинганлар 80 858 нафарни ташкил этмоқда.
LiveБарчаси