“Мен ўляпман”. Саакашвили халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради
Олам
−
07 Апрель 2023
14815Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили қамоқда бир нечта касалликлар туфайли аҳволи оғирлашганини айтиб, халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради. Бу ҳақда "Politico" хабар берди.
Қайд этилишича, собиқ давлат раҳбари қамоқда 20 дан ортиқ жиддий касалликлар билан оғриган.
"Қамоқда соғлиғим кескин ёмонлашди, ҳозир ўляпман. Мен мунтазам равишда жисмоний ва руҳий қийноқларга дучор бўлмоқдаман, ҳозирда танамда оғир металлардан заҳарланиш белгилари бор", деди Саакашвили халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб.
Саакашвили Вашингтон, Лондон, Брюссель ва бутун халқаро ҳамжамиятдан Грузияга нисбатан дипломатик босим ўтказишни, "Грузия орзуси" партиясининг ҳозирги етакчиси Иванишвили ва унинг шерикларига қарши иқтисодий санкциялар қўллаш орқали унинг ҳаётини сақлаб қолишга қўлларидан келганича ҳаракат қилишларини сўраган.
"Менинг ўлимим Грузияда сиёсий тартибсизликни келтириб чиқариши мумкин, аммо йўқ қилинишим, албатта, Путиннинг ғалабаси ҳисобланади — бу минтақадаги ва, эҳтимол, Россия империализмига қарши тура олмаган бутун дунё раҳбарлари учун кучли сигналдир. Аммо агар АҚШ Конгресси ва Байден маъмурияти санкциялар, иқтисодий эмбарголар, молиялаштиришни тўхтатиб туриш ва виза чекловлари орқали мени озод қилиш учун Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қила олса, бу нафақат Путинга навбатдаги зарба бўлади, балки АҚШ ва Европанинг демократия, одоб-ахлоқ ва адолат ғояларига содиқ қолаётганидан далолат беради”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ унинг ўғли Эдуард Саакашвили отасининг аҳволи оғир эканини маълум қилган эди. Тбилиси суди эса уни соғлиғи ёмонлашгани учун қамоқдан озод қилишни рад этганди.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь