Мен, албатта, қайтиб келаман — Месси “Барселона”дан кетиши сабабларини айтди

Спорт 8007
image

Лионель Мессининг “Барселона”ни тарк этиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кеча, 8 август куни ўтказилган хайрлашув матбуот анжуманида сўзлаган нутқида жамоадан кетиши сабабларини изоҳлади.

“Сўнгги кунларда мен нима дейиш ҳақида кўп ўйлай бошладим. Ростини айтсам, ҳеч нарсани ўйлай олмадим. Мен бутун фаолиятимни шу ерда ўтказганимни ҳисобга олсам, бошқа нарса ҳақида ўйлаш жуда қийин. Мен бунга тайёр эмасман.

Оилам билан Барселонада, ўз уйимизда қоламиз, деб ишонардик. Лекин бугун хайрлашишим керак. 21 йилдан кейин уйимдан кетяпман. Бир неча йилдан кейин, албатта, қайтиб келаман, чунки бу ер менинг уйим.

Ўтган йили биз пандемия туфайли томошабинларсиз ўйин ўтказдик. Мен мухлисларини бир ярим йилдан бери кўрмаган клубни тарк этяпман. Стадиондаги мухлислар билан эса бошқача тарзда хайрлашмоқчиман”, дейди Лео.

Шундан сўнг, Месси журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди:

“Барселона”дан нега кетгани ҳақида: “Мен қолиш учун қўлимдан келганини қилдим, лекин охирги лаҳзада Ла Лига билан боғлиқ муаммолар туфайли ҳамма нарса барбод бўлди. Мен маошим камайишига рози бўлдим. Улар мендан бошқа ҳеч нарса сўрамадилар. Биз қўлимиздан келганини қилдик. Мендан ойлигимни яна 30 фоизга қисқартиришни талаб қилишмади, бу ёлғон”. 

ПСЖга ўтиши ҳақида: “Ростини айтсам, ПСЖга ўтиш — мумкин бўлган вариантлардан бири. Ҳозирча ҳеч нарса тасдиқланмаган. Менга кўплаб клублардан қўнғироқлар бўлмоқда”.

Ла Лига президенти билан мулоқот ҳақида: “Ла Лига президенти Хавер Тебасга айтадиган гапим йўқ. Мен уни фақат бир-икки марта кўрганман, лекин у билан гаплашмаганман. Учрашувда мен уни самимий кутиб олдим, у билан ҳеч қандай муаммо йўқ”.

Жамоага футболчилар келишда давом этади. Клуб бошқалардан кўра муҳимроқ ва одамлар бунга кўникишади. Аввалига бу ғайриоддий бўлади, лекин буюк футболчилар жамоага қўшилди, “Барса”да яхши футболчилар жуда кўп.

ПСЖ футболчилари билан тушган сурати ҳақида: “ПСЖ футболчилари билан сурат фақатгина тасодиф. Бу шунчаки кўнгилхушлик учун эди”. 

Фаолиятини якунлаш ҳақида: “Яна қанча йил ўйнашимни ҳам билмайман, бу соғлик ва жисмоний ҳолатимга боғлиқ”.

Маълумот учун, Лионель Месси “Барселона” сафида 778 учрашувда 672 гол ва 228 та голли узатмани амалга оширган. Жамоа билан биргаликда 35 та мусобақада ғолиб бўлган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 377
Рейтинг: 2.9
t
×