Мелиқўзиев профессионал боксда навбатдаги жангини ўтказди
Спорт
−
03 Ноябрь
7993Ўзбекистонлик профессионал боксчи Бектемир Мелиқўзиев чемпионлик камари учун бугун, 3 ноябрь куни АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида америкалик Дэвид Стивенсга қарши рингга кўтарилди ва уни очколар ҳисобига мағлуб этди.
Мелиқўзиев тезлик борасида рақибини ортда қолдирди. Ўзбекистонлик боксчи ўз услубида рақибнинг тана қисмига тажовузкорлик билан ҳужум уюштирди ва яқин масофадан кросс зарбалар беришга таянди. Рақиб буни олдиндан кўриб туриши мумкин бўлса ҳам зарбаларни ўтказиб юборди. У нисбатан суст ҳаракатланди.
12 раунд тўлиқ давом этган муросасиз жангда Мелиқўзиев ҳакамларнинг қарори билан очколар (118-110, 117-111, 112-116) ҳисобига кўра ғалаба қозонди ҳамда иккинчи ўрта вазн тоифасида Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBА) чемпионлик камари учун расмий ва мажбурий даъвогарга айланди.
Жанг якунига қадар 28 ёшли Мелиқўзиев ҳам, 24 ёшли Стивенс ҳам профбоксда бир хил, 14-1 статистикага эга эди. Мелиқўзиевнинг ғалабаси билан ҳисобда фарқ юзага келди. Бу Бектемир Мелиқўзиевнинг фаолиятидаги 15-ғалабаси бўлди.
Мелиқўзиев охирги жангини апрель ойида ўтказиб, франциялик Пьер Хубер Дибомбени мағлубиятга учратган бўлса, Стивенс июнь ойида аргентиналик Серхио Лопседан устун келган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ WBА биринчи енгил вазнда япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ ва Сэм Гудман ўртасидаги жанг ғолиби ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев билан тўқнаш келиши борасида қарор қилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси