Мексикада поезд автобусни иккига бўлиб ташлади. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
09 Сентябрь 4540 2 дақиқа
Мексикада юк поезди икки қаватли автобусга урилди ва ҳодиса оқибатида автобус икки бўлакка ажралиб кетди, камида 10 киши ҳалок бўлди, яна 40 киши жароҳат олди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, бахтсиз ҳодиса кеча, 8 сентябрь куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7 га яқин Атлакомулько шаҳрининг саноат ҳудудида, пойтахт Мехикодан тахминан 130 км шимоли-ғарбда жойлашган темирйўл кесишмасида содир бўлган.
Мексика штати Фуқаролик мудофааси агентлиги воқеа жойида ишлар давом этаётганини маълум қилган, штат прокуратураси эса тергов бошланганини билдирган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, қурбонларнинг етти нафари аёл, уч нафари эркак бўлган. Баъзи жароҳатланганларнинг аҳволи оғир.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода икки қаватли автобус тирбандлик сабаб секин ҳаракатланаётгани, шу пайт поезд кутилмаганда келиб, унга урилгани ва автобусни икки бўлакка бўлиб ташлагани акс этган. Автобуснинг олд қисми темирйўл кесишмаси ёнида қолган, орқа қисми эса рельснинг нариги томонига ўтиб кетган.
Автобуснинг ичида 50 йўловчи бўлган. Энг кўп талафот автобуснинг юқори қаватида ўтирганларга етган.
Гувоҳларнинг айтишича, кесишмада на шлагбаум, на светофор белгиси бўлган.
Канададаги Калгари шаҳрида жойлашган Canadian Pacific Kansas City темирйўл компанияси ҳодисани тасдиқлаган ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Компания вакиллари воқеа жойида бўлиб, расмийларга ёрдам бераётганини маълум қилган.
Маълумот учун, Мексикада темирйўл кесишмаларида авариялар сони ниҳоятда кўпайиб кетган. 2022 йилда 800 та бундай ҳодиса қайд этилган. 2020 йилда эса бу 602 тага тенг бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон пойтахти Қобул шаҳри яқинида йўловчи автобуси ағдарилиб кетиши оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси