Медведев Россия газ билан Европани йўриғига юритмоқчилигини тан олди
Олам
−
27 Август 2022
10773Россия газини Европага етказиб беришдаги қийинчиликлар расмий Москвага қарши олиб борилаётган урушнинг бир қисми сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ҳақда РФ Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Франциянинг LCI телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Россия газини Европага етказиб бериш билан боғлиқ ҳозирги вазият “аслида ҳозир мамлакатимизга қарши олиб борилаётган урушнинг бир қисмидир”. Унинг қўшимча қилишича, “бу можаронинг яна бир жиҳати”.
“Биз Европага газ етказиб беришдан ҳеч қачон бош тортмаганмиз. Биз “Шимолий оқим 2”ни қурдик, барча мажбуриятларимизни бажардик, бироқ бизга газимиз керак эмаслигини айтишди, бундан ташқари, биз евро ва долларда тўлай олмаймиз, чунки ҳозир сизнинг банкларингиз билан вакиллик алоқаларини тўхтатяпмиз. Бу ҳолатда биз учун ягона имконият бу – рублдан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш деган қарорга келдик. Яъни, бу Ғарб томонидан бошланган санкциялар урушининг оқибатлари”, деб тушунтирган Медведев.
Шу билан бирга, Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раҳбарининг ўринбосари, агар Ғарб тўғаноқ бўлмаса, Россия Европага шартномадаги ҳажмларда газ етказиб беришга тайёрлигига ишонтирган.
“Биз шартномада белгиланган ҳажмларда газ етказиб беришга тайёрмиз. Лекин, албатта, бу Ғарб давлатларининг позициясига, Европа давлатларининг позициясига боғлиқ бўлади. Агар улар бизнинг қўлимизни қайиришса, тўловларни тақиқласа ёки таъмирланган турбиналарни етказиб беришдан ёки “Шимолий оқим 2”ни ишга туширишдан бош тортса, таъминот Ғарб давлатлари умид қилаётган ҳажмда бўлмайди”, дея Медведев шарт қўйган.
Унинг эслатишича, Россия ўн йиллар давомида Ғарб истеъмолчиларини газ билан таъминлаб келмоқда.
“Европа бахтли эди, биз ҳам бахтли эдик. Шундай қилиб, муносабатлар прагматик бўлиши керак. Аммо энди Европа Америка сиёсати таъсирига тушиб қолди”, дейди сиёсатчи.
Шу билан бирга, Медведев АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг Америка суюлтирилган газини Европа давлатларига етказиб беришни таклиф қилган лойиҳасини эслаган.
“Бу жуда қиммат, бу деярли имконсиз. Аммо ҳозир Европа бу вариантни жиддий кўриб чиқадиган даражага етди. Қувурли газ анча арзон, суюлтирилган газ эса жуда қиммат. Вазият шу даражага етдики, канцлер Шольц суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бориш учун Канадага бориб, ўз истагини Россиядан кўра демократик, яқин мамлакатда газ сотиб олиш яхшироқ эканлиги билан изоҳлади. Қўяверинг, сотиб олаверсин”, дея хулоса қилган Медведев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь