Медведев партиясидаги такаббур ва сурбет сиёсатчилар ҳақида гапирди
Олам
−
01 Июль 2019
2924Россия Федерацияси Бош вазири, мамлакатдаги етакчи “Ягона Россия” партияси раиси Дмитрий Медведев фуқароларнинг партияга бўлган ишончи билан боғлиқ муаммолар тўғрисида фикр билдирди. Бу ҳақда “Известия” нашри хабар берди.
Медведевнинг сўзларига кўра, “Ягона Россия”да кўплаб профессионал сиёсатчилар фаолият олиб боради. Бироқ, ОАВда кўпинча такаббурлиги ва сурбетлигини намойиш қилишдан уялмайдиган партия аъзолари ҳақида маълумотлар тарқайди.
Медведевнинг қайд этишича, бундай кишиларни аниқлаш учун партиянинг ички назорати ўрнатилган. Бироқ, ОАВ ва блогерлар билан ҳам ҳамкорликда ишлаш муҳим аҳамиятга эга.
“Ҳақиқатда, ўткир муаммоларни кўтараётган, адолатсизлик ва қонунбузарликларга қарши курашаётганлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш керак”, деб таъкидлаган партия раиси.
Медведев “Ягона Россия” партиясини ислоҳ қилинишини билдирганди. Ўзгаришлар аввал етарлича эътибор берилмаган фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, партия ва кадрлар танлашни рақамлаштириш каби йўналишларга қаратилган.
LiveБарчаси