Медведчукнинг рафиқасига тегишли 12 миллион долларлик мол-мулк ҳибсга олинди
Олам
−
24 Март 2023
6972Запорожьеда украиналик сиёсатчи Виктор Медведчукнинг рафиқаси Оксана Марченконинг яна бир мол-мулки ҳибсга олинди. У рус босқинчи гуруҳларини молиялашда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Украина хавфсизлик хизмати хабар берди.
Марченконинг оффшор компаниялари орқали Запорожьедаги “Днепроспецсталь” заводининг акцияларига эгалик қилган. Унинг тахминан 12 миллион доллар миқдоридаги яширин активлари ҳибсга олингани айтилмоқда.
Активларнинг хатланиши уларни қайта рўйхатдан ўтказишдан ҳимоя қилади ва Украина фойдасига расмийлаштириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 23 февраль куни Виктор Медведчукнинг рафиқаси Оксана Марченконинг 153 миллион долларлик мулки ҳибсга олинган эди.
Маълумот учун, ўтган йили, 12 апрель куни Президент Зеленский Медведчук ҳибсга олингани ҳақида эълон қилди ва унинг кишанланган суратларини жойлади. Шу билан бирга, Президент Москвага уни украиналик ҳарбий асирларга алмаштиришни таклиф қилди.
Кремль Зеленскийнинг таклифига жавобан украиналик мухолиф сиёсатчи Виктор Медведчукни асирга олинган украиналик ҳарбий хизматчиларга алмаштириш имкониятини кўрмаётганини — у Россия Федерацияси фуқароси эмаслигини ва “махсус операция”га ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.
2022 йилнинг сентябрь ойида Киев сиёсатчи Виктор Медведчук ва 55 нафар рус аскарини Москвага топширди. Медведчук 215 нафар украиналик аскарга, жумладан, Мариуполнинг “Азовсталь” заводи ҳимоячилари ва “Азов” полки қўмондонлигига алмаштирилган.
Украина парламенти депутати, “Оппозиционная платформа – За жизнь” партияси етакчиси Виктор Медведчук кремлпараст ва Президент Владимир Путинга яқин сиёсатчи ҳисобланади. У икки жиноий иш бўйича давлатга хиёнатда гумон қилинган.
2021 йил 12 майда депутатга ишғол қилинган Қримда миллий бойликларни талон-торож қилиш, давлат сирларини ошкор қилиш ва давлатга хиёнат қилиш, уруш қонунлари ва одатларини бузиш ва Украинага қарши қўпорувчилик фаолиятини амалга ошириш (Жиноят кодексининг 111 ва 438-моддалари) айблови қўйилган.
Ўша йилнинг октябрь ойида Медведчукга “кўмир иши” номини олган (Жиноят кодексининг 111-моддаси ва 258-3-моддаси 1-қисми) иш бўйича хиёнат ва терроризмга шериклик айблови эълон қилинган.
Жавоҳир Қадамов
LiveБарчаси