Медиа компаниялар шаҳзода Гарридан воз кечмоқда
Олам
−
21 Июнь 2023
5581Швециянинг Spotify аудио ва медиа хизматлари провайдери Британия шаҳзодаси Гарри ва унинг рафиқаси актриса Меган Маркл билан шартномаларни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.
Провайдер ва қироллик оила аъзолари ўртасидаги шартнома 3 йиллик ҳамкорлик, 20 миллион АҚШ доллари ва атига 13 та эпизод контентидан сўнг шу ҳафтада бекор қилинди.
"Forbes" журналининг берган маълумотларига кўра, 2020 йил декабрда имзоланган шартнома 15-25 миллион АҚШ доллари атрофида баҳоланган.
Компания директори Даниел Эк бу вазиятни Spotify аудитория талабларига жавоб бермайдиган ҳар қандай контентдан воз кечмоқчи экани билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, бу компания учун “ортиқча ҳаражат”.
"Биз энди келажакдаги контент битимларига қандай сармоя киритишда жуда эътиборли бўламиз. Ишламайдиганлар билан эса ҳамкорликни давом эттирмаймиз”, деди жаноб Эк BBC'га берган интервьюсида.
Жуфтликнинг 2020 йил Netflix билан имзолаган 100 миллион долларлик шартномаси ҳам хавф остида бўлиши мумкин. Ўтган йилги Гарри ва Меган ҳақидаги ҳужжатли фильмлар 2022 йилдаги энг кўп томоша қилинган дастур бўлган бўлсада, Netflix'нинг кейинги сериялар учун режалари йўқ ва эр-хотиннинг шартномаси узайтирилиши даргумон. Компания хўжайинлари Меганни “ўз қобиғига ўралиб олган”ликда ва иқтисодий ҳақиқатни тушунмаганликда айбламоқда.
Маълумот учун, жуфтлик 3 йил аввал қироллик оиласидан истеъфога чиққан. Шундан сўнг улар қиймати 135 миллион доллардан ортиқ деб баҳоланган телематериаллар, фильмлар, подкастларни тайёрлаган.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси