Меҳрибон Алиева UNESCO’нинг яхши ният элчиси сифатида фаолиятини тўхтатди
Олам
−
15 Ноябрь 2022
8949Озарбайжоннинг Биринчи вице-президенти ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева UNESCO Бош директори Одри Азулега мактуб йўллаб, унда ушбу ташкилотнинг яхши ният элчиси сифатидаги фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 15 ноябрь куни UNESCO ишлари бўйича Озарбайжон миллий комиссияси маълум қилди.
“Мактубда таъкидланишича, Биринчи вице-президентнинг ҳозирги босқичда Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларини ва минтақани тиклаш бўйича кенг кўламли ишлардаги фаол иштироки ҳамда бу борадаги алоҳида ўрни ҳисобга олинган ҳолда, унинг UNESCO яхши ният элчиси сифатидаги вазифаларини бажариши мумкин эмас”, дейилади хабарда.
Мурожаатда, шунингдек, Арманистон томонидан босиб олиниши натижасида Озарбайжоннинг маданий меросига етказилган зарарни баҳолаш учун UNESCO миссияси тез орада Қорабоғдаги озод қилинган ҳудудларга юборилишига умид билдирилган.
“Мурожаатда Озарбайжон бундан кейин ҳам UNESCO’нинг асосий тамойилларини қўллаб-қувватлаши, ушбу ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантиришни рағбатлантириши қайд этилган”, дейилади комиссия хабарида.
Алиева 2004 йилдан бери UNESCO’нинг яхши ният элчиси ҳисобланади.
Меҳрибон Алиева 1964 йилда озарбайжонлик таниқли олим, педагог, физика-математика фанлари доктори, профессор Ориф Пашаев ва Озарбайжоннинг биринчи шарқшунослик фанлари (аёл) доктори, филология фанлари доктори, профессор Аида Имонгулиева оиласида дунёга келган.
Озарбайжон давлат тиббиёт институтининг даволаш-профилактика факультетида таҳсил олган. Кейинроқ, Москва тиббиёт институтида ўқишни давом эттирди.
1983 йил ўша вақтда СССР Министрлар кенгаши раиси ўринбосари Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиевга турмушга чиқди. 1988 йилдан 1992 йилгача у Москва кўз касалликлари илмий-тадқиқот институтида фаолият юритди.
2017 йил февраль ойида у Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинланган эди.
Шунингдек, у мамлакатдаги энг йирик нодавлат ташкилот – Ҳайдар Алиев жамғармасига раҳбарлик қилади. 2019 йилда Алиева “Россия-Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь