МДҲнинг декабрдаги норасмий саммити Россияда бўлмайди
Олам
−
30 Октябрь
4986Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммити шу йил декабрь ойи охирида Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 30 октябрь куни МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев маълум қилди.
“28 ноябрь куни Остонада КХШТ давлат раҳбарларининг учрашуви, декабрь охирида эса МДҲ давлат раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашуви бўлиб ўтади”, деди Лебедев.
Маълумот учун, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси жорий йилнинг 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган ва унда бир қатор ҳужжатлар имзоланган. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди. Кун тартибига мувофиқ, кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтганди. Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилган. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилиб, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган.