МДҲми ёки СССР?
Олам
−
16 Октябрь 2023
23125Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида тан олишга кўндирган Россия, Бишкекка келиб ўз дардини дастурхон қилиб кетган Путин, унинг қарорларини ҳеч қандай шаксиз қўллаб-қувватлайдиган Беларусь фуқароси Лукашенко, яна мукофотлар билан тақдирланган Марказий Осиё президентлари, бешбармоқ, бўқирсоқ, қовоқ билан меҳмонларини тўйдириб жўнатган Қирғизистон...
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган саммити ҳақидаги QALAMPIR.UZ’нинг махсус шархи тайёр. Агар сиз ҳам эшитишга тайёр бўлсангиз, унда биз бошладик.
Ҳозирда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га 9 давлатни – Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига қамраб олади. Аммо бунда Туркманистон кузатувчи давлат сифатида иштирок этади.
13 октябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган саммитга энг биринчи бўлиб Россиядан вакиллар келди. Бортида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бўлган самолёт 11 октябрь тунидаёқ “Манас” аэропортига қўнган.
Эртаси куни, яъни 12 октябрь эрта тонгида эса Россия Президенти Владимир Путин ҳам МДҲ давлатлари раҳбарлари билан учрашиш учун Қирғизистонга етиб келди. Уни эса аэропортда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров ҳеч қандай миллий кийимдаги қизларсиз, нон-тузсиз кутиб олди. Шу ва бошқа Президентлар ташрифидан фарқли ўлароқ Президент Путинга келтирилган самолёт трапининг максимал даражада ёпилгани, унинг хавфсизлиги нечоғлик қўриқланганидан далолат. Ҳатто, дўстона бўлган мамлакатда ҳам.
Ҳа айтганча, бу Путиннинг 2023 йилдаги хорижга биринчи сафаридир. У Қирғизистонга икки кунлик расмий ташриф мўлжаллаб келган. Бу икки кун давомида эса Россия раҳбари МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиши ва бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказишга улгуриши керак. Путин Оқилбек Жапаров билан кўриша сола ўзидан аввал Бишкекка етиб келган қадрдон Aurus русумли зирҳли машинасига ўтирди-ю равона бўлди.
Бу ёқда эса МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши аллақачон бошланиб бўлганди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жээнбек Кулубоев раислигида ўтказилаётган йиғилишда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов, Aрманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мнацакан Сафарян, Беларусь Ташқи ишлар вазири Сергей Aлейник, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди. Мазкур учрашувда томонлар 13 октябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров бошчилигидаги МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган мажлисига тайёргарлик кўриш масалаларини кўриб чиқди. Шунингдек, вазирлар МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров МДҲ давлатлари Исроил-Фаластин можаросига имкон қадар тезроқ чек қўйиши керак, деган фикрда.
“Бугун [Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида] биз ушбу мавзуга тўхталдик. Бу можарони зудлик билан тўхтатиш, халқаро гуманитар қонунларга риоя қилиш, ҳар икки томоннинг кўп сонли тинч аҳоли вакиллари жабр кўраётган террорчилик кўринишларига ёки куч ишлатишга йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида ҳамма бирдек фикрда. Кеча Путин айтганидек, муаммонинг моҳиятига эътибор қаратишимиз керак. Бир неча ўн йиллар давомида БМТнинг Фаластин давлатини яратиш қарорлари саботаж қилинган. Аввало, воситачилик саъй-ҳаракатларини тортиб олмоқчи бўлган Қўшма Штатлар Россия, БМТ, Европа Иттифоқини четга суриб, халқаро воситачилар ишига путур етказмоқда. Биз ҳақиқатан ҳам умид қиламизки, бу можаро тугагач, ҳамма БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш масъулиятини жиддий қабул қилади”, деган Лавров.
“Ала-Арча” қароргоҳига Владимир Путиннининг кортежи етиб келди. Қароргоҳда Путинни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди, давлат раҳбарлари қизил гиламдан юриб борар экан Путин Жапаровнинг қулоғига бир нималарни пичирлади. Россия раҳбари ярим йўлда тўхтаб, аскарларга салом берди.
Давлат раҳбарлари кун тартибидаги икки ва кўп томонлама масалаларни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришни муҳокама қилиши керак.
Владимир Путин “Ата-Бейит” мажмуасига бориб, Уркун қурбонлари хотирасига гулчамбар қўйди. Унга Президент Садир Жапаров ва Маданият вазири Олтинбек Мақсутов шерик бўлди.
Шундан сўнг, улар бир машинага ўтириб давлат қароргоҳига қайтиб келди. Жапаровнинг айтишича, Владимир Путиннинг ташрифи катта рамзий аҳамиятга эга. Чунки бу “Кант” авиабазасининг 20 йиллиги ва Қирғизистон-Россия Славян университетининг 30 йиллигига тўғри келади.
“Бундай таниқли тадбирлар икки томонлама муносабатларимиз рамзидир. Биз Қирғизистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчиликни юксак қадрлаймиз”, деди Президент.
Мақтовни энди Путин давом эттирди. У Қирғизистонга келганидан жуда хурсанд эканини, улар бу саёҳат ҳақида анчадан бери гаплашиб келганини эслатди.
“Россия Қирғизистон иқтисодиётига асосий сармоядор ҳисобланади. Хорижий сармоянинг 36 фоизи Россия капиталига тўғри келади. Республикада Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган 800 та корхона бор”, деди Путин.
Бу ўртада Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Қирғизистон Президенти Садир Жапаровни “Шон-шараф” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони чиқиб қолди.
Путин Марказий Осиё Президентларининг кўнглини овлашни уддалади. Шундан сўнг ҳар икки давлат раҳбарлари Кантдаги Россия авиабазаси яратилиш тарихи, унинг аҳамияти ҳақида гапирди. Владимир Путиннинг айтишича, бугунги кунда авиабаза минтақада катта аҳамиятга эга.
“Республика раҳбарияти биз билан бевосита боғланиб, тезроқ авиация бўлинмасини жойлаштиришимизни сўради. “Қирғизистонга жиноий гуруҳлар ҳужум қилгани учун кўплаб одамлар жароҳатланди, зудлик билан биргаликда қарор қабул қилишни талаб қиладиган вазият юзага келди”, деди Россия раҳбари.
Жапаровнинг фикрича, Кантдаги Россия авиабазаси бутун Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик кафолати экан.
Ҳозирча Путин мавзусини тўхтатиб турайлик. Чунки буёқда Бишкекка Алиев етиб келди. Озарбайжон Президентини ҳам аэропортда Оқилбек Жапаров қарши олди. Аммо Путиндан фарқли равишда унга гуллар берилди, бўғирсоқ ва асалдан татиб кўриш сўралди. 12 октябрь кечга довур Беларусь резиденти Александрь Лукашенко ҳам худди шундай кутиб олинди.
Буёқда эса Садир Жапаров Путин учун норасмий дастухон ёзганди. Давлат раҳбарлари делегациялар иштирокида музокаралар ўтказиб, икки томонлама ҳужжатлар имзоланганидан сўнг “Ала-Арча” давлат қароргоҳида бўлиб ўтган зиёфатда қўзичоқ гўштидан шўрва, кичик сомсачалар, тунец ва авакадоли салат каби тансиқ таомлар тортилган. Шу куннинг ўзида Владимир Путин Бишкекда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди.
“Биринчи рақамли масала - Қорабоғ атрофидаги вазият”, деди РФ раҳбари суҳбат бошида.
Ваниҳоят, 13 октябрь МДҲ давлатлари раҳбарларининг саммити бўладиган асосий куннинг эрта тонггидан бирин-кетин бошқа мамлакат раҳбарлари етиб кела бошлади. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, куннинг учинчи меҳмони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, ундан сўнг эса Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев самолётлари Манас аэропортига қўнди. Уларнинг барчасини эса Оқилбек Жапаров томонидан кутиб олинди. Ҳали улар Жапаров ва Путин билан алоҳида-алоҳида учрашиб олиши ҳам керак.
Масалан Садир Жапаров Имомали Раҳмон қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, алоҳида учрашув давомида дўстона қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Шундан сўнг, “Ала-Арча” қароргоҳида МДҲ давлат раҳбарларининг саммити бошланди. Бу йил Қирғизистон раислик қилаётган мазкур ташкилот саммитига биринчи бўлиб Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев келди. Президент Садир Жапаров уни кутиб олди. Алиев ортидан бошқа давлатлар раҳбарлари конгресс залига алифбо тартибида кириб кела бошлади. Саммит бошланди.
Қизиғи, саммитда муҳим ва хавфли сигналлар берилгандек, гўё. Мана масалан, саммит бошланиши биланоқ Беларусдан Лукашенко МДҲ нима учун яратилганини тўсатдан эслатиб қолди.
“Мақсад СССР парчаланганидан кейин алоқалар узилишининг олдини олиш эди. Бу бизнинг рақобатчиларимизга, Ғарбга ёқмади ва бугунги кунга қадар бизни турли йўналишларда оёғимиздан чалишга уринишлардан воз кечмайди, Улар бизни заифлаштириб, ўз манфаатларига бўйсундиради”, деди Лукашенко.
Владимир Путин эса унинг гапини давом эттириб, МДҲга қўшилган Грузия ва Украина бу форматда ишламагани, Молдова эса ўзлигини йўқотганини айтди. Хўш, Путин нимани назарда тутмоқда? Россия форматиними?
“Лекин бу уларнинг танлови, мамлакат раҳбарияти. Агар улар буни хоҳласалар, уларни ҳеч ким тўхтата олмайди. Албатта, халқидан ташқари”, деди Россия Президенти.
Қолаверса у МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳисоб-китобларда миллий валютадан фойдаланишни кенгайтиришга чақириб, Россия МДҲ давлатларининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиришини айтиб қолди.
“Ўтган йилгидек, биз камида 50-60 миллион тонна экин экспорт қиламиз. МДҲ мамлакатларидаги дўстларимиз ва ҳамкасбларимизнинг эҳтиёжлари борлигини биламан. Ҳаммаси қондирилади”, деди Путин кичик форматдаги йиғилишда.
Қисқа қилиб айтганда у ўзини СССР раҳбаридек тутди, дейиш мумкин.
“Умид қиламанки, бизнинг мамлакатларимизда ҳеч қачон бундай нарса бўлмайди. [...] Ёшлар Совет Иттифоқи даврида мамлакатларимиз эришган ютуқлар ҳақида ҳақиқатни билишлари керак, биз тарихни бузиб кўрсатишга йўл қўймаслигимиз керак”, дейди у.
Ҳа, у яна АҚШдан нолишни ҳам унутмади. Владимир Путиннинг айтишича, Исроил ва Фаластин халқи бошдан кечираётган фалокат АҚШнинг Яқин Шарқдаги муваффақиятсиз сиёсати натижасидир. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Европадан йўлдошлар кўмагида Яқин Шарқдаги тартибга солиш ҳуқуқини монополияга олишга уринган. Россия Федерацияси раҳбари америкаликларнинг бирёқлама сиёсати вазиятни боши берк кўчага олиб келганини айтди.
“Улар Россиянинг барча шерикларига, жумладан, МДҲ давлатларига ҳам босим ўтказиш ва таҳдид солишга уринмоқда. Кимдир қанчалик қўполлик билан ўз жонига қасд қилишга уринса, бу ишга қўл урганларнинг муваффақиятга эришиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади”, деди Россия Федерацияси Президенти.
Ажабланарлиси, ўзи бир томонда Украиага уруш очган Россия Исроил-Фаластин урушини қоралаб, ҳал қилишда воситачи сифатида ҳаракат қилишга тайёр экан. Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари биринчи навбатда ўз миллий манфаатларига таянишини уларнинг номидан ҳеч иккиланишсиз айтаверди.
МДҲ давлатлари президентлари кенг таркибдаги йиғилиши бошланган эди ҳамки, Президент Садир Жапаров рус тили МДҲ давлатларида мулоқот тили бўлиб қолишига ишонч билдирса денг. Бу гап мойдек ёқиб тушган Путин Жапаровга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдириб қўйди.
“Ўйлайманки, Қирғизистон раислигида амалга оширилган ишлар натижалари, саммитда қабул қилинган қарор ва ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, МДҲ халқлари фаровонлигига хизмат қилади”, дея яна уқтирган у.
2024 йил 1 январдан МДҲга раислик Россияга ўтади. МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити 8 октябрга белгиланган эди. Путин учрашувга барча мавқедошларини таклиф қилди.
Охир-оқибат МДҲ давлатлари президентлари рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги ҳужжатни имзоладилар. Россия эса узоқ йиллик мақсадига барибир эришди. Эндиликда рус тили МДҲ давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинди. Ушбу ҳукуматлараро ташкилот мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш баҳонасида рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган.
Бу рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, рус филологияси кафедраларида таҳсил олаётган педагогика ва фан йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш каби кўплаб масалаларни ҳал этади.
Ташкилот раҳбарлигида энди рус тилида халқаро илмий анжуманлар, китоб кўргазмалари, кино, рус тилидан диктантлар ва бошқа тадбирлар ҳам ўтказилар экан.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.
“Халқаро рус тили ташкилоти ҳар қандай манфаатдор давлат, шу жумладан Ҳамдўстликка аъзо бўлмаганлар учун ҳам очиқ бўлади”, деган эди у Бишкекдаги матбуот анжуманида.
Рус тилига оид ҳужжатлар имзоналиши билан, Беларусь резиденти Александр Лукашенко рус тилини алқаб чиқди. У МДҲ давлатлари халқлари учун умумий деб ҳисоблайди ва рус тили бўйича халқаро ташкилот ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди.
“Миллатлараро мулоқот тилини, улар айтганидек, йўқотиб бўлмайди. Кейин эса, мен умуман тушунмадим, нега улар уни йўқотиши керак, бу бизга, бизнинг авлодимизга зарарми?.. Йўқ. болалар – Бу бизнинг мулкимиз”, деди МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги йиғилишидан Лукашенконинг сўзларини келтирган БелТА агентлиги.
Бундан ташқари у Россияни очиқчасига собиқ Иттифоқдаги каби “катта оға” деб атади.
“Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари (МДҲ) қийин пайтларда бирга ҳаракат қилиши зарур. Россия ва Белоруссия улар қандай шароитда эканликларини жуда яхши тушунади. Айтишим керакки, сизни қийин пайтлар кутмоқда. Худди биз ва руслар каби. Аммо МДҲ мамлакатларида “катта ака”, яъни Россия бор. У барчага ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Лекин бошқа томонда эса айни пайтда ўз манфаатларига эга Ғарб ҳам бор.
Аввалроқ Лукашенко рус тилини МДҲнинг енг катта бойлиги деб атаган эди. "Биз миллатлараро мулоқот тилини йўқотолмаймиз", деди у.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 14 октябрь куни Остонада бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги шафелигида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро ташкилот тузишни таклиф қилганди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида айтиб ўтган.
“Биз унинг бошланишига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан МДҲ шафелигида рус тилини тарғиб қилиш бўйича халқаро ташкилот тузиш бўйича таклиф этилган янги қизиқарли лойиҳа билан яқинлашаётганимиз рамзий маънога эга. Табиийки, биз ушбу ташаббусни амалга оширишга максимал даражада ёрдам берамиз”, деган эди Путин ўшанда.
Россия Федерацияси Президенти эътиборни “бу қандайдир тайёргарлик эмас, бу ҳақиқатан ҳам Қозоғистон президентининг ғояси” эканига ишонтирмоқчи бўлган.
“Аммо, албатта, Россия бундай ташаббусни қўллаб-қувватламаса бўлмайди”, бу қарорни оқлашга уринганди Россия давлати раҳбари.
Бугунги саммит давомида эса, Путин Қозоғистон Президенти Тўқаевга ўтган йили Халқаро рус тили ташкилотини яратиш ғоясини билдиргани учун миннатдорчилик билдириб ўтди.
Ўз ўрнида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган Самарқанд шаҳрида МДҲ маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида нутқ сўзлар экан, таълим соҳасида ва сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш борасида ҳам ташаббусларни илгари сурган.
Маълум қилинишича, 2023 йилда МДҲнинг ёшлар пойтахти мақомини олган Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан, футбол мусобақаси бўлиб ўтади. Ўзбекистон Президенти нутқи сўнггида Россия Федерацияси Президентини 2024 йилда ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади. Саммит якунида Владимир Путин Арманистон бу йиғилишда нима учун иштирок этмаганига тўхталди.
“Бош вазир Пашинян менга қўнғироқ қилди, биз у билан суҳбатлашдик, жумладан, бугунги саммит ҳақида. Арманистон МДҲдан ҳеч қаерга чиқиб кетмайди”, деди Владимир Путин.
Хуллас, Бишкекдаги саммитда 13 октябрь куни МДҲ давлатлари раҳбарлари жами 17 та қўшма ҳужжат имзолади. Бундан ташқари, учрашувда тўртта баёнот имзоланган:
• кўп қутбли дунёда халқаро муносабатлар ҳақида,
• давлат бошқарувини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;
• инсон ва фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида;
• рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш тўғрисида.
Шунингдек, имзоланган ҳужжатлар рўйхатидан МДҲга 2024 йилда раислик қилиш тўғрисидаги қарор (бу лавозим Қирғизистондан Россияга ўтади), навбатдаги йиғилишни ўтказиш (2024 йил 8 октябрда Москва шаҳрида режалаштирилган), шунингдек, Самарқандни маданий давлат деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорлар ҳам ўрин олган.
Кейин эса Шавкат Мирзиёев МДҲ фахрий нишонига лойиқ кўрилди. Уни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров топширди.
“Аслида, сўнгги йилларда Қирғизистон билан кўп ютуқларга эришдик. Тарихга назар ташласак, 30 йил ичида бундай муҳим масалаларни ҳеч ким тан олмаган. Биз Садир Нурғўжўэвич ва Ўзбекистон Президентининг хоҳиши билан кўп масалаларни ҳал қилдик”, деди Мирзиёев мукофотни олаётиб.
Саммитдан сўнг, Ҳамдўстлик давлат раҳбарларига балиқ, мол гўшти, қовоқ ва картошкадан тайёрланган таом, шунингдек, анъанавий миллий таом – бешбармоқ, десерт учун чизкейк (пишлоқли торт) тортилган кечки овқат ҳозирланган.
Шу куни кечқурун Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг ташрифини якунлаб, Ўзбекистонга йўл олди. Уни “Манас” халқаро аэропортида Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси, Президент Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров ва бошқа расмий шахслар қўлини кўксига қўйиб кузатиб қўйди.
Бошқа раҳбарлар ҳам бирин-кетин ўз мамлакатларига қайтиб кетди.
Хулоса қилиб айтганда, Бишкекдаги саммит кўпроқ Россия фойдасига ишлади, дейиш мумкин. Аммо халқаро экспертларнинг мазкур саммит ҳақидаги таҳлиллари ҳозирча эълон қилинмади. Эълон қилингани заҳотиёқ буни QALAMPIR.UZ албатта етказади.