МДҲ ТИВ раҳбарлари Яқин Шарқдаги можарони муҳокама қилди
Олам
−
12 Октябрь 2023
6515Бугун, 12 октябрь куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубоев раислигида МДҲга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МДҲ расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, делегациялар раҳбарлари халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш чоғида МДҲ форматидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилган.
Вазир Кулубоев ўз нутқида МДҲнинг асосий ютуқларидан бири интеграцияни янада ривожлантириш мақсадида ишончли сиёсий муносабатлар сақлаб қолингани эканини айтган.
Йиғилишда:
- Жиноятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфини баҳолаш халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги Битим;
- Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг суд экспертизаси фаолияти соҳасида мувофиқлаштирувчи кенгашини тузиш тўғрисидаги Битим;
- шунингдек, кейинчалик Давлат раҳбарларига тақдим этиш учун 2024-2028 йилларда Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг Давлатлараро дастури маъқулланган.
Бундан ташқари, рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартнома ҳам келишиб олинган.
МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисини 2024 йил 12 апрель куни Минск шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
МДҲ вазирлари кенгаши якунлангач, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ОАВ учун баёнот берган. Унинг айтишича, йиғилишда 2025 йилда нишонланадиган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан режалаштирилган тадбирларга катта эътибор қаратилган.
“Қозоғистон таклифига кўра, Ҳамдўстлик доирасида кузатувчи давлатлар ва ҳамкор давлатлар тоифаларини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Аниқ номзодлар ушбу ҳужжат давлат раҳбарлари томонидан тасдиқланганидан кейин кўриб чиқилади. Маълумки, келаси йили Россия МДҲга раислик қилади. Эртага, 13 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин раислигимиз концепцияси ва тегишли тадбирлар режасини тақдим этади”, дея қўшимча қилган Лавров.
Ундан ҳозирда Яқин Шарқда давом этаётган қуролли тўқнашув ва бу борадаги МДҲ позицияси ҳақида сўралган.
“Бугун биз ушбу мавзуга тўхталдик. Кўрамиз, МДҲ саммити олдидан умумий позицияни келишиб олиш мумкинми? Бу "тор форматда" муҳокама қилинди. Можарони зудлик билан тўхтатиш, халқаро гуманитар қонунларга риоя қилиш, террорчилик ҳаракатлари ва куч ишлатишнинг олдини олиш зарурлиги тўғрисида ҳаммада умумий фикр мавжуд”, деган Россия ТИВ раҳбари.
Лавров можаро тугаши биланоқ ҳамма БМТ Хавфсизлик Кенгашининг дунё томонидан маъқулланган тамойиллар асосида Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорини амалга ошириш масъулиятини жиддий қабул қилишига умид билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь