Мбаппе январдаёқ ПСЖни тарк этмоқчи – ОАВ
Спорт
−
12 Октябрь 2022
7183Килиан Мбаппе ва ПСЖ клуби раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар бутунлай бузилган. Шу сабабли 23 ёшли франциялик футболчи жамоани тарк этмоқчи. Бу ҳақда “Маrса” нашри ёзмоқда.
Манбанинг ёзишича, Мбаппе учун ортга йўл йўқ. У жорий йилнинг май ойида ПСЖ билан амалдаги шартномасини узайтирган эди. Бироқ Килиан июль ойидаёқ Париж клубини тарк этиш пайига тушиб қолган.
Парижликлар раҳбарияти Килианнинг кетишини тезлаштирмоқчи эмас. Аммо клуб расмийлари июль ойида Мбаппени “Реал Мадрид”дан бошқа ҳар қандай жамоага трансфер қилишга тайёр бўлган.
Амалдаги Жаҳон чемпионига ўша пайтларда фақатгина Англиянинг “Ливерпуль” клуби қизиқиш билдирган бўлиши мумкин. Харидорларнинг сони чекланганига сабаб Мбаппенинг трансфер нархи ва маоши “космик” даражада қиммат.
Мбаппенинг фикрича, ПСЖ унга хиёнат қилган. Сабаби, клуб раҳбарияти май ойида шартномани узайтиришдан олдин футболчига бир қанча ваъдалар берган ва уларнинг аксариятини амалга оширишнинг иложи бўлмаган.
Шунингдек, “L'Equipе” нашрига кўра, томонлар ўртасидаги келишув эълон қилинганидек 2025 йилгача эмас, балки 2024 йилгача узайтирилган. Мбаппе ўз шаҳри жамоасига хайрихоҳлик ва миннатдорлик белгиси сифатида 2025 йил ёзилган футболка билан суратга тушишга рози бўлган.
Мбаппе ҳали ҳам “Реал”да ўйнашни исташи айтилмоқда. Мадрид клуби бунга қандай муносабат билдириши ҳозирча номаълум. Бироқ Мбаппе учун “Реал Мадрид” эшиклари бутунлай ёпиқ эмас. Бу ҳақда клуб аъзолари йиғилишида президент Флорентино Перес айтган.
Маълумот учун, жорий мавсумда Мбаппе ПСЖ сафида барча турнирлар доирасида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урган. "Тransfermarkt" портали франциялик иқтидор эгасини 160 миллион еврога баҳоламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь