МБ раиси доллар курси нега кескин кўтарилаётганини тушунтирди
Жамият
−
18 Март 2022
25335Март ойининг дастлабки ярмида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари камайди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамризо Нурмуродов маълум қилди.
МБ раисига кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси қадрсизланиши март ойининг дастлабки ярмида тезлашди. Бу ҳолат бир томондан ташқи геосиёсий вазият таъсирида экспорт тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли қисқариши (асосан, Россия ва Қозоғистондан) таъсирида ички валюта бозорида таклифнинг қисқариши билан тушунтирилади.
Бошқа томондан, асосий савдо ҳамкорларда миллий валюта курсининг кескин қадрсизланиши ва девальвацион кутилмаларнинг ортиб, ички валюта бозоридаги талабнинг вақтинчалик ўсиши кузатилмоқда.
“Биз миллий валюта алмашув курси бўйича прогнозларни амалга оширмаймиз ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси ички валюта бозорида ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланган талаб ва таклиф мувозанатига боғлиқ бўлади”, дейди Нурмуродов.
Унга кўра, Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани ошириш тўғрисидаги қарори ҳам маълум маънода миллий валюта курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Аввалроқ Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
LiveБарчаси