МБ карантин пайтида нархлар қимматлашиши учун жиддий асослар мавжуд эмаслигини айтмоқда
Жамият
−
16 Апрель 2020
3292Карантин пайтида нархлар қимматламаслиги учун бир неча омиллар мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълум қилмоқда.
“Бутун жаҳонда рўй бераётгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар иқтисодий фаоликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз ўрнида, келгусида аҳолининг даромадларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Пандемия таъсирида шаклланган жорий иқтисодий ҳолат бутун дунёда, жумладан, бизда ҳам жорий йилда аҳоли даромадларининг юқори даражада ошмаслигини кўрсатмоқда.
Пандемиянинг нархларга таъсири бўйича карантиннинг дастлабки кунлари аҳолининг хавотирлари кескин ошиши оқибатида асосий озиқ-овқат ҳамда гигиена воситаларига бўлган талаб кескин кўтарилди. Бу ҳолат эса айрим савдо нуқталаридаги нархларга вақтинчалик таъсир кўрсатди”, дейилади расмий хабарда.
Марказий банк бир неча омилларга таяниб карантин даврида нархларнинг қимматлашишига олиб келувчи жиддий асослар мавжуд эмаслигини билдирмоқда. Бу омиллар қуйидагилар:
• аҳолининг доимий даромадлари қисқариши натижасида истеъмол товарларининг асосий қисмига бўлган ялпи талаб кескин пасайиши;
• келгуси ойдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги ҳосили катта ҳажмда бозорларга чиқиши;
• тегишли Президент Фармони билан бир қатор асосий халқ истеъмолидаги товарлар ва уларнинг хомашёлари импортига 2020 йил 31 декабрига қадар божхона божи ва акциз солиғининг бекор қилиниши;
• Ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлари.
Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Марказий банкнинг асосий ставкаси 1 фоиз бандга пасайтирилиб, 15 фоиз даражасида белгиланди. Бу биринчи навбатда, иқтисодий фаоллик пасайиши шароитида инфляция бўйича прогнозларни пасайиш томонга кўриб чиқилганлиги билан боғлиқ экани айтилмоқда маълумотда.
LiveБарчаси