Мажбурий меҳнатга қарши Конвенцияга Баённомани ратификация қилиш Ўзбекистон томонидан тан олинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 25 июнь куни халқаро ҳужжатлардан бири Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди.

Унга кўра, Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённома (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилинди, яъни Ўзбекистон томонидан тан олинди.

Халқаро қоидаларга биноан, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Баённома биз учун кучга кирганини англатмайди. Баённома Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Ўзбекистоннинг ратификация ёрлиғини рўйхатга олгандан кейин 12 ой ўтиб кучга киради.

Маълумот учун, 29-Конвенциянинг ўзи Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган (Олий Мажлиснинг 30.08.1997 йилдаги 492-I-сон қарори). Унда уни ратификация қилган ХМТ аъзоларининг зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллашнинг барча шаклларини бекор қилиш мажбурияти қайд этилган. Шунингдек Конвенцияда “зўраки ёки мажбурий меҳнат” атамасининг моҳияти очиб берилган. У ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф этмаган ҳар қандай шахсдан ҳар қандай жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни англатади.

Баённома 29-Конвенция қоидаларини тўлдиради ва зўраки меҳнатнинг олдини олиш мақсадида қабул қилиниши зарур бўлган қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:

• шахслар зўраки меҳнат қурбонларига, иш берувчилар эса – бундай амалиёт иштирокчиларига айланишига йўл қўймаслик учун уларни ўқитиш ва хабардор қилиш; 
• меҳнат инспекцияси органлари ва зўраки меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши учун масъул бўлган бошқа хизматларни мустаҳкамлаш;
• меҳнат мигрантларини жалб қилиш ва ёллаш жараёнида фирибгарлардан ҳимоя қилиш;
• зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг бош сабабларини ҳамда хавфини оширадиган омилларни аниқлаш ва б.

Баённома зўраки меҳнат қурбонларига етказилган зарар қопланишини таъминлашга, шунингдек бундай меҳнатда иштирок этиш асносида содир этган ғайриҳуқуқий қилмишлари учун уларни жавобгарликка тортмасликка ва санкцияларни қўлламасликка чорлайди.  

Бундан ташқари, Баённома билан Конвенциядан бир қатор қоидалар чиқариб ташланган. Чунончи, 1-моддасидан жамоат мақсадларида ва истисно тариқасида зўраки меҳнат қўлланишига рухсат берувчи 2-банд чиқариб ташланган. Шунингдек бундай меҳнатга йўл қўйиладиган шартлар ва кафолатлар ҳам бекор қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Халқаро меҳнат ташкилоти Мажбурий меҳнат Шавкат Мирзиеев

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг