Маймунчечакка чалинганлар 18 мингдан ортди – ЖССТ

Олам

image

Бугунги кунга қадар дунёда маймунчечак билан касалланишнинг 18 мингдан ортиқ ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда бугун, 27 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус брифингда маълум қилди. 

“Ҳозирги кунга қадар 78 та давлатда 18 000 дан ортиқ ҳолат аниқланган. 70 фоиздан ортиғи Европада, 25 фоизи Америка қитъасида қайд этилган”, дейди ЖССТ директори.

Таъкидланишича, ҳозиргача ушбу касалликдан 5 та ўлим ҳолати аниқланган.  

ЖССТ раҳбарига кўра, агар инфекция хавфи жиддий қабул қилинса, аҳоли хабардор қилинса ва энг заиф гуруҳларни ҳимоя қилиш чоралари кўрилса, бу эпидемияни тўхтатиш мумкин. 

“ЖССТ маймунчечак билан касалланганлар билан алоқада бўлган, шунингдек, инфекция хавфи юқори бўлган шахсларни, жумладан, тиббиёт ходимларини, айрим лаборатория ходимларини ва бир нечта жинсий шериклари бўлган шахсларни мақсадли эмлашни тавсия қилади. Бу сафар биз маймунчечакка қарши оммавий эмлашни тавсия этмаймиз”, дейди ташкилот раҳбари. 

Маълумот учун, маймунчечак камдан-кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан тропик ўрмонлар яқинида жойлашган марказий ва ғарбий Африканинг чекка ҳудудларида кузатилади. Ушбу касалликни ҳайвонлардан одамларга юқтиришнинг биринчи ҳолати 1970 йилда Конго Демократик Республикаси ҳудудида қайд этилган. ЖССТ маълумотларига кўра, вирус одамларга кемирувчилар ва приматлар каби ёввойи ҳайвонлардан юқади ва унинг одамдан одамга юқиши орқали иккиламчи тарқалиши чекланган. Одатда, маймунчечак эпидемияси учун ўлим даражаси 1% дан 10% гача. Ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади. Маймунчечакка қарши махсус эмлаш мавжуд эмас, аммо чечакка қарши эмлаш бу касалликдан 85% даражада ҳимоя қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Маймунчечак

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг