Мавлуд Чавушўғли Украина инқирозида бош айбдор кимлигини айтди 

Олам 28081
image
-

Украинадаги вазият Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатди. Бу фикрни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Япония ташқи сиёсати етакчиси Ёсимаса Хаяси билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида билдирди.

“Биз Украинада содир бўлаётган воқеалар юзасидан фикр алмашдик. У ердаги вазият яна бир бор БМТ тизими ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатмоқда", дейди Туркия вазири.

Чавушўғлининг сўзларига кўра, биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш зарур. Мазкур масалада у Япония расмийси билан келишиб олган.

Маълумот учун, Бу Туркиянинг БМТни биринчи марта танқид қилиши эмас. Республика Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған деярли ҳар йили БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишларида шундай зарурат борлигини эълон қилади.

Жумладан, 2018 йилда у БМТни дунё муаммоларини ҳал қила олмасликда айблаган эди. Ўшанда у халқаро ташкилот заифлашиб кетгани, ҳамжамият фаластинликлар ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол қилиниши борасида иккилик стандартини қўллаётганини танқид қилганди.

Доимий равишда БМТ фаолиятини танқид қилиб келувчи Президент Эрдўған, 2021 йилда “Дунё янада адолатли бўлиши мумкин” номли китобни ёзди. Китоб муаллифи БМТнинг қонунийлик, имкониятлар, самарадорлик, инклюзивлик, вакиллик ва бошқарув каби муаммоларига эътибор қаратган.

Туркия раҳбари ўз ишида глобал сиёсатдаги иккиланишларга, хусусан, адолатсизлик, миграцион инқироз, халқаро терроризм ва исломофобия муаммосига ишора қилиб, БМТ мисолида дунёдаги камситиш ва икки томонлама стандартларни очиб беради. 

Эрдўған асар орқали "болалар ўлган ва ўлдирилган дунёда бегуноҳ одамлар йўқ" деган ғояни илгари суради. Қолаверса, Эрдўған замонавий жаҳон ҳамжамиятига энг зарур нарса адолат деб ҳисоблайди. 

Шунингдек, у жорий йилнинг 11-13 март кунлари Туркияда бўлиб ўтган Анталия дипломатик форумида яна бир бор БМТга мурожаат қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини, хусусан Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш вақти келиб, аллақачон ўтиб кетганини, дунё янги урушлар билан овора бўлиб, эскиларини оқибаталарини бартараф этмаётгани, бунинг ортидан дунёда қочқинлар сони 85 миллиондан ошгани, улар сафига 3 миллион украиналик қўшилгани, Ўрта ер денгизи сувлари эса 25 минг қочқиннинг қабрига айланганини алоҳида қайд этди. 

“Янги урушларнинг олдини олишни қўя туринг, 10 йиллардан буён давом этаётган тўқнашувлар ҳал этилмаган бир вақтда ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Бугун қаерда яшамайлик, дунё улкан қишлоққа айланган даврда “Бошқаси билан нима ишим бор?”, деёлмаймиз. Тўхтатилмаган тўқнашувлар, қарши чиқилмаган зулмлар, курашилмаган муаммолар охир-оқибат бизга ҳам таъсир қилиши, бизни ҳам ёқишини билишимиз керак. 

Биз бу аламларга Сурияда, Яманда, Афғонистонда, Ливияда, Ироқда, Араканда ва бир қатор муаммоли ҳудудларда такрор ва такрор гувоҳ бўлдик. Бу можаро ҳудудларида тинч аҳоли,уларнинг аксарияти аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Оилавий қадриятлар ва инсоний фазилатларга жиддий путур етди. Халқаро ташкилотларга бўлган ишонч энг тубига тушди. Террорчилик ташкилотлари ва экстремизм бутун дунёда кенг тарқалди”, деган эди Президент Эрдўған дунёга юзланиб.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 596
Рейтинг: 3
t
×