Матбуот мен ҳақимда гапирмасдан туролмайди – Роналду 

Спорт 3718
image

Португалия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед” клуби футболчиси Криштиану Роналду “қизил иблислар” сафини тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга кескин муносабат билдирди. Бу ҳақда “Sport” нашри хабар берди.

Instgram'даги фан саҳифалардан бири Роналдунинг “Юнайтед” раҳбарияти билан гаплашганини изоҳлар экан, музокаралар ижобий бўлмаганини таъкидлаган. 

“Жорже Мендеш “Манчестер Юнайтед”га Криштиану Роналду ҳақиқатан ҳам кетишни хоҳлашини айтди. Музокаралар унчалик ижобий бўлмади. Мендеш Роналдунинг бошқа жамоага ўтишига муваффақ бўлишига ишончи комил эмас. Масалага Сэр Алекс Фергюсон ҳам аралашди. “Юнайтед” раҳбарияти Роналду сотилмаслигини таъкидламоқда”, дейилади хабарда.

37 ёшли футболчи ушбу хабарга изоҳ қолдириб, матбуот ҳеч бўлмаганда бир кун ҳам ўзи ҳақида гапирмасдан туролмаслигини иддао қилган.

“Мен ҳақимда ҳеч бўлмаганда бир кун гапирмасликнинг иложи йўқ. Акс ҳолда ОАВ пул тополмайди. Биласизми, ёлғон гапирмасангиз, одамларнинг эътиборини жалб қилолмайсиз. Давом этинг. Балки бир кун келиб сиз ҳам тўғри хабар ёзарсиз”, деган Криштиану Роналду.

Эслатиб ўтамиз, Роналду 2021 йилдан буён “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган. Ўтган мавсумда Роналду “қизил иблислар” сафида барча мусобақаларда 38 та ўйин ўтказиб, 24 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширган. “Тransfermarkt” портали португалиялик иқтидор эгасини 35 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 95
Рейтинг: 2.9
t
×