Маст ҳолда “рулга ўтирганлар” учун жазо кучайтирилмоқда
Жамият
−
14 Март 2022
8154Ўзбекистонда ҳайдовчилар маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун 5 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олимжон Саидов маълум қилди.
“Айни пайтда 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, иккита қонун, битта Президент қарори ҳамда тўртта Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари тайёрланмоқда. Дастлаб, Президентнинг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш ва ўлимлар ҳолатини кескин камайтириш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқиляпти.
Қарор лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, маст ҳолда автомобиль бошқарганлар 5 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Амалдаги тартибга кўра, бу бир йил-у олти ойдан уч йилгача этиб белгиланган”, дейди Олимжон Саидов.
Таъкидланишича, маст ҳолда автомобиль бошқарганлик учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида этиб белгиланиши мумкин. Амалдаги жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараварини ташкил этади.
“Маст бўла туриб тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати қатъий 3 йил этиб белгиланмоқда”, дея қўшимча қилди ЙҲХХ бошлиғи.
LiveБарчаси