Маскнинг Twitter'ни сотиб олиши ОАВ эркинлиги учун ёмон янгилик – IFJ

Олам

image

Халқаро Журналистлар Федерацияси (IFJ) Илон Маскнинг Twitter’ни сотиб олишини оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун “ёмон хабар” деб атади.  Мазкур баёнот Федерация сайтида эълон қилинди.

“Twitter — бу журналистлар офисидир. Бу ерда журналистлар ўз ишларини тарғиб қилади, ғояларни билдиради ёки маълумот манбаларини топади. Бу майдон сўз эркинлигини ҳурмат қилган ҳолда тегишли тарзда модерация қилиниши керак. Бу ҳар қандай Twitter эгаси эътибор бериши керак бўлган нозик балансдир. Биз Илон Маскнинг Twitter бўйича режалари нотўғри йўналишда кетаётганидан хавотирдамиз, бу орқали журналистларга ҳужум қилиш имкониятларини кучайтириб, фойдаланувчиларнинг анонимлигига таҳдид солмоқда”, дейди IFJ Бош котиби Энтони Белланжер.

Европа журналистлар федерацияси Бош котиби Рикардо Гиттереснинг таъкидлашича, миллиардер ўтмишда Twitter’дан маълумотни манипуляция қилиш, акциялар нархига таъсир ўтказиш ва ўз бизнесини оммавий ахборот воситаларида ёритилишини назорат қилиш учун фойдаланишда ҳеч қачон иккиланмаган. 

“У ижтимоий тармоқни ўз манфаати учун, жамоат манфаатларини ҳисобга олмасдан назорати қилишни учайтиради, деб ишониш учун барча асосларимиз бор. Плюрализм, оммавий мунозаралар ва демократияга зарар етказувчи ҳокимият концентрациясига қарши туриш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларга эгалик ҳуқуқини тартибга солиш вақти келди”, дейди Рикардо Гиттерес.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 апрель куни Twitter раҳбарлари Илон Маскнинг ижтимоий тармоқни сотиб олиш бўйича 44 миллиард долларлик таклифини қабул қилганини эълон қилди. 

Илон Маск ўзини “эркин сўз абсолютисти” дея таърифлайди. У бир неча бор Твиттернинг модерация сиёсатини танқид қилган ва бу платформа ҳақиқий сўз эркинлигига хизмат қилиши кераклигини айтган. Twitter билан эришган келишуви ортидан чиқарган баёнотида у сўз эркинлигини “фаол демократиянинг асоси” деб атади.

Оқ уйнинг амалдаги маъмурияти Маскнинг Twitter'ни сотиб олишига изоҳ бермади, бироқ ижтимоий тармоқлар сохта хабарлар тарқатиш ва нафрат уйғотиш жойи бўла олмаслигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг