Маскнинг онаси ўғлининг Цукерберг билан жангига аралашди
Бу қизиқ
−
23 Июнь 2023
11170Кеча, 22 июнь куни Twitter ва Meta эгалари Илон Маск ҳамда Марк Цукерберг ўзаро қафас жангини ўтказишга келишиб олганди. Бир кун ўтиб, бугун, 23 июнь куни Илон Маскнинг онаси Мэй Маск ўғлининг Meta корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг билан жангини бекор қилганини айтди. Бу ҳақда у Twitter'даги саҳифасида маълум қилган.
“Жанг бекор қилинди. Бу ҳазил эмас. Мен бу сўзимни қайта-қайта айтишда давом этаман”, деб ёзади Мэй Маск.
Бу твитга Илон Маск кулиб турган стикер билан жавоб берган.
Маълумот учун, Маск ва Цукербергнинг эҳтимолий жисмоний рақобати уларнинг фаолиятидаги “пойга” туфайли ҳам келиб чиқаётган бўлиши мумкин. Чунки Цукерберг эгалик қиладиган Meta яқинда Twitter ва бошқа матнли ижтимоий тармоқ платформаларига рақобат туғдирувчи янги платформа яратиш устида ишланаётганини эълон қилганди. Маскнинг Twitter'ни қабул қилганидан сўнг унда амалга оширган баъзи ўзгаришлари, жумладан, тасдиқланганлик белгиси учун пуллик обуналар ва шу каби бошқа ислоҳотлар кўпчилик фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётган бир пайтда янги платформа Twitter фойдаланувчиларининг катта қисмини ҳам “тортиб олиши” мумкин.
LiveБарчаси