Маскнинг мия чипларига мижозлар сони очиқланди
Олам
−
13 Ноябрь 2023
5190Neuralink'нинг мия чиплари имплантация қилинишига розилар сони мингдан ошди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Гап шундаки, компания сентябрь ойида 2016 йилда Маск томонидан асос солинган Neuralink компанияси имплантация қилинадиган симсиз "мия – компьютер" интерфейси синови учун рўйхатга олишни бошлади. Ушбу чип квадриплегия (қўл ва оёқларнинг фалажи) билан касалланган одамларга фикрлари ёрдамида мулоқот қилиш имконини бериши мумкин.
Илон Маскнинг биографларидан бири Эшли Венснинг маълум қилишича, ҳозирча Neuralink ўз қурилмаларини одамларга ҳали имплантация қилмаган. Бироқ келгуси йили 11 минг, 2030 йилга бориб эса 22 мингдан ортиқ одамларни операция қилишни режалаштирган.
Бунда кўнгиллининг миясига робот томонидан бир нечта электродлар ва ўта нозик симлар киритилади. Бунинг учун эса жарроҳ бош суягининг бир бўлагини олиб ташлайди. Бу операцияни амалга ошириш учун бир неча соат сарфланиши мумкин. Сўнгра қурилма ва унинг ультра юпқа 64 та ипдан иборат тўпламини бошга жойлаштириш учун тахминан 25 дақиқа вақт кетади.
Венснинг ёзишича, бунга қадар Neuralink робот ёрдамида турли ҳайвонлар, жумладан, чўчқа ва маймунларда 155 та имплантация операцияси амалга оширилган.
Аммо аввалроқ Neuralink'нинг одамларни синовдан ўтказиш таклифи хавфсизлик нуқтаи назаридан рад этилганди. Унда мия чипига уланган симлар субъектнинг бошида ўрнидан силжиб кетиши ёки чип ҳаддан ташқари қизиб кетиши мумкинлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Neuralink нейротехнология компанияси фалаж инсонларни миясига чип ўрнатиш бўйича клиник синовлар учун кўнгиллиларни қидираётгани маълум қилинганди.
LiveБарчаси