Маск Twitterʼдан кетиши керакми? Тармоқда сўровнома ўтказиляпти
Олам
−
19 Декабрь 2022
2095Деярли икки ойдан аввал Twitter раҳбарлигини қўлга олган Илон Маск компания раҳбари лавозимидан кетиши кераклиги тўғрисида сўровнома ўтказди. У хабарни ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирган.
“Twitter раҳбари лавозимидан кетишим керакми? Мен ушбу сўров натижаларига содиқ қоламан”, деб ёзади у ўз саҳифасида.
Бугун, 19 декабрь Тошкент вақти билан соат 10:37 ҳолатига кўра, иштирокчиларнинг 56,3 фоизи “ҳа”, 43,7 фоизи “йўқ” жавобини танлаган. Ҳозиргача сўровномада деярли 12 миллион фойдаланувчи иштирок этган.
Маълумот учун, у бу сўровномани ўзи ҳақида танқидий фикр ёзган бир неча таниқли журналистнинг Twitterʼдаги аккаунтини маълум муддатга тўхтатиб қўйгани ҳамда кейинчалик уларнинг аккаунтлари тикланиши жараёни ортидан ташкиллаштирган.
Умуман олганда, Маскнинг Twitter бошқарувига келиши компанияда бир нечта тартибсизликни келтириб чиқарди. У ижтимоий тармоқни харид қилиши билан топ-менежерларни ишдан бўшатди ва ўрнига бошқаларни тайинлади. Бундан ташқари, компания ишчилари 50 фоизга қисқартирилди.
Шунингдек, Илон Маск Америка Қўшма Штатларининг собиқ Президенти Дональд Трампнинг Twitterʼдаги ҳисобини қайта тиклади. Трампнинг ҳисобини тиклаш Маск Twitterʼнинг сиёсатини кескин ўзгартирганини англатади.
Албатта, Маскнинг ҳаракатлари Twitterʼда реклама берувчиларда ҳам хавотир уйғотди. Бироқ Amazon ва Appleʼнинг Twitterʼда реклама беришни давом эттириш қарори мутлақ ютуқ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 октябрь куни америкалик миллиардер Илон Маск Twitterʼни сотиб олиш бўйича 44 миллиард долларлик келишувни якунлаб, ижтимоий тармоқ раҳбарига айланган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь