Машиналар ҳаракати тақиқланганда қурбонликни қандай тарқатиш мумкин?

Жамият 13274
image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 31 июль санасида Ўзбекистонда Қурбон ҳайити нишонланади. Аммо Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан 31 июль куни автомобилда ҳаракатланиш тақиқланган.

Бундай вазиятда сўйилган қурбонликларни муҳтож оилаларга қандай етказиб бериш мумкин? Бу саволга ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов жавоб берди

“Тўғри, жорий йил 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш тўлиқ тўхтатилади. 

Савобли эҳсонингизни карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, маҳаллангиз раиси ва фаоллари ҳамкорлигида ҳамда ёрдамида ўзингиз яшаётган маҳалла ҳудудида амалга оширишингиз мақсадга мувофиқ”, деди Ғиёсов.

Шу ўринда Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотлари ва тиббий-санитария хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларида ҳаракатланишга чеклов йўқ. 

Ғиёсов тиббиёт ходимлари исталган куни шахсий автотранспорт воситасида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланиши мумкинлигини , фақат улар иш жойини тасдиқловчи ҳужжатни олиб юриши кераклигини эслатиб ўтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 517
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×