Эктор Купер ва ўзбек спорти афсоналари талабалар билан учрашди

Спорт

image

Бугун, 13 апрел куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва бир қатор ўзбек спорти афсоналари Тошкент Давлат иқтисодиёт университети талабалари билан учрашди. Бу ҳақда МОҚ хабар бермоқда.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ТДИУ билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва оммавий спортни талабалар орасида тарғиб қилиш бош ғоя сифатида олиб чиқилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ҳам иштирок этди.

Мазкур фестиваль мини-футбол, стол тенниси, бокс ва шахмат спорт турлари бўйича ташкил этилди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. Шунингдек, тадбирда футбол бўйича аёллар олимпия терма жамоаси, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров, Осиё ўйинлари ғолиби Бекзод Хидиров, профессионал бокс бўйича “WBS Silver” камар соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров, стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Саида Маҳмудова каби спортимиз юлдузларининг иштироки ва улар ижросида ташкил этилган мастер-класс йиғилган мухлисларда бир олам таассурот қолдирди.

Қизиқарли ўтган футбол мусобақасининг финал беллашувини Жаҳон чемпионатлари рекордчиси Равшан Эрматов бошқариб борди.

“Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўзбек спортида ўз ўрнига эга. Ушбу олий ўқув-юртининг талабалари спортсевар. Университет раҳбарияти ёшлар спорт фестивалини ўтказиш борасида ташаббус билан чиқишганида, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бу таклифни қўллаб-қувватлади. Мухтарам юртбошимиз ҳам ёшлар орасида спортни ривожлантириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш масаласида олдимизга аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб берганлар. Шундай экан, келажакда бу спорт тадбирини кенгайтириб, уни ўтказишни анъанавий тарзда йўлга қўямиз”, деб айтиб ўтди Умид Аҳмаджонов.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, аргентиналик жаҳонга машҳур мутахассис Эктор Купер фестиваль иштирокчиларини қутлар экан, бу каби тадбирлар оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг