Марказий Осиё Президентларининг болалари нима иш қилади?
Таҳлил
−
16 Август 2025 36971 9 дақиқа
Марказий Осиё етакчиларининг фарзандлари қандай фаолият билан шуғулланиши, қайси лавозимда иш юритиши ҳақида биласизми? Собиқ президентларнинг фарзандларини-чи? QALAMPIR.UZ ана шу маълумотларни бир жойга жамлади.
Тожикистон
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг тўнғич қизи Озода Раҳмон ҳозирда Тожикистон Президенти ижроия аппарати раҳбари лавозимини эгаллаб турибди. У сиёсий фаолиятини 2005 йилда, 27 ёшида бошлаган. Унинг биринчи иш жойи Республиканинг АҚШдаги элчихонаси бўлиб, у ерда 2007 йилда маданият ва таълим бўйича атташе бўлиб ишлаган. 2007 йилдан 2009 йилгача у Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармаси бошлиғи бўлган ва бироздан кейин у кўтарилиб, Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган.

2014 йилда у ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. 2016 йилдан эса Тожикистон Президентининг фармони билан у Президентнинг ижро аппаратини бошқариб келмоқда. Ўша йили Озода Раҳмон Душанбедан Тожикистон сенатори этиб сайланди ва парламент юқори палатаси ҳуқуқ қўмитасига раҳбарлик қилди. 2017 йилда ҳам Президент фармони билан Озода Раҳмон давлат адлия маслаҳатчиси унвонини олди.
Раҳмоннинг яна бир қизи Руҳшона Имомали опасидан ортда қолмай, 2021 йилнинг декабрь ойида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигига элчи этиб тайинланган эди. Унгача у мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида халқаро ташкилотлар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Тожикистон Президентининг кенжа қизи Фарзона Имомали мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ислоҳотлар, биринчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи. У ушбу лавозимга 2025 йилнинг 13 август куни тайинланди.

У тайинловга қадар 2021 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ислоҳотлар, бирламчи тиббий ёрдам ва халқаро алоқалар бошқармаси мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Президент Имомали Раҳмоннинг кенжа қизи Фарзона Имомали 1998 йилнинг 4 июлида Душанбе шаҳрида туғилган. У ўрта мактабни тамомлаб, Ломоносов номидаги Москва давлат университети лицейининг Душанбе шаҳридаги филиалига ўқишга кирган ва уни 2014 йилда аъло баҳоларга тамомлаган.
Ўша йили Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университетининг даволаш факультетига ўқишга кириб, уни 2020 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. 2022 йилда педиатрия йўналиши бўйича клиник ординатурани, 2023 йилда эса Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Давлат бошқаруви факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Тожикистон Халқ демократик партияси аъзоси.

Раҳмоннинг ўғли ҳам бор. Унинг исми Рустам Имомали. 38 ёшни тўлдираётган Рустам Имомали Тожикистон раҳбари сифатида отаси томонидан тайёрланаётганига ишонилади. У Тожикистондаги Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва давлатнинг молиявий назорат агентлигини бошқаради. Рустам Имомали генерал-майор унвонига эга. У 2017 йилда 29 ёшида отаси томонидан Душанбе шаҳри ҳокими этиб тайинланган эди, бу баъзи таҳлилчилар томонидан ҳукумат тепасига кейинги қадам сифатида қаралмоқда.
Қозоғистон
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бўлиб, у ҳокимият тепасига келганидан буён оила аъзоларини оммага таништирмаган ёки улар билан кўриниш бермайди. Очиқ манбаларда унинг Темур Тўқаев исмли 41 ёшли ўғли борлиги айтилади. У кейинчалик фамилиясини Кемелга ўзгартирган. У 2009 йилда Ташқи ишлар вазирлиги академиясида “Қозоғистон Республикасининг Ғарбга нисбатан стратегияси” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Сиёсий фанлар номзоди. У бизнес билан шуғулланади ва нефть соҳасида йирик тадбиркордир. Бобоси Кемел Тўқаев номидаги хайрия жамғармасига ҳам раҳбарлик қилади.

Темур Тўқаев 20 йилдан ортиқ Женевада яшаб, Швейцария фуқаролигини олган. У Британия Виржиния ороллари ва Буюк Британиядаги офшор компаниялари орқали катта оилавий активларни бошқарган ва кўпинча Тўқаевлар оиласининг хориждаги бизнес манфаатларининг кўзга кўринадиган юзи сифатида ҳаракат қилган. Унинг бизнесдаги юксалиши кўпинча отасининг сиёсий таъсири билан боғлиқ бўлиб, потенциал манфаатлар тўқнашуви ва Қозоғистон сиёсий ва бизнес элитасининг кесишиши устидан назоратни кучайтиргани айтилади.
Қирғизистон

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг 3 фарзанди бор. Унинг тўнғич ўғли Достон Жапаров 2019 йилда йўл-транспорт ҳодисасида вафот этган. Иккинчи фарзанди Рустам Жапаров Иссиқкўлда Марказий Осиёдаги энг йирик гольф майдонини қурмоқда. У республиканинг барча қишлоқларида футбол майдончаларини биргаликда қуриш лойиҳасига ҳам раҳбарлик қилмоқда. Кейинги фарзандлари – Нурдавлат ва Жанайм бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам Туркияда таҳсил олади. Садир Жапаров унинг фарзандлари ва бошқа қариндошлари давлатнинг сиёсий ишларига аралашмаслигини кўп бора айтади.
Туркманистон
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг баъзи маълумотларга кўра, тўрт фарзанди – бир ўғил ва уч қизи бор. Турмуш ўртоғининг исми ва таржимаи ҳоли ҳақида ҳеч нарса маълум эмас, лекин онаси сингари унинг хотинининг исми ҳам Огулгерек, деган миш-мишлар мавжуд. Баъзи маълумотларга кўра, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг севимли невараларидан бири, бобоси билан омма олдида тез-тез пайдо бўладиган Керимгули (2002 йилда туғилган) Сердар Бердимуҳамедовнинг ўғлидир. Бошқа маълумотларга кўра, Керимгули Сердар Бердимуҳамедовнинг синглиси ва “Арқадағ”нинг қизи – Гулжаҳоннинг ўғли. Маълумки, Сердар Бердимуҳамедовнинг уч қизидан иккитасининг исми Ўғулбабек (2004 йилда туғилган) ва Ойгул (2008 йилда туғилган) бўлиши мумкин.

Президент оиласининг шахсий ҳаёти очиқланмайди ва ҳар томонлама яширин. Туркман мухолифат матбуоти Сердар Бердимуҳамедов Швейцариянинг Женева шаҳрида ишлаган вақтида унинг уч нафар фарзанди (хабар қилинишича, булар Керимгули, Ўғулбабек ва Ойгул) нуфузли ва қиммат Ecolint халқаро мактабида таҳсил олганини аниқлашга муваффақ бўлган. 2020 йилда ушбу муассасада бир йиллик ўқиш нархи деярли 35 минг Швейцария франки ёки тахминан 36 минг АҚШ долларини ташкил этган. Қўшимча 7 минг доллар – рўйхатдан ўтиш тўлови ва ҳар хил бадаллар ва харажатларни ўз ичига олган. Бу мактаб маълумотларининг очиқлиги туфайли Керимгули 2021 йилда, Ўғулбабек 2023 йилда, Ойгул эса 2027 йилда битириши кутилаётгани маълум қилинганди. Бироқ туркман мухолифати матбуоти уларнинг ҳеч бири бу мактабни тамомламагани, отаси билан Туркманистонга қайтиб келганини айтган.
Ўзбекистон
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева 2025 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган. Саида Мирзиёева 1984 йил 4 ноябрда Қўқонда туғилган. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси, Тошкент давлат юридик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистри бўлган.

Мирзиёева 2019-2020 йилларда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2020 йилдан эса Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида фаолиятини бошлаган. Шунингдек, у 2019 йилдан буён Гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева 2024 йилнинг август ойида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланган. Шаҳноза Мирзиёева ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритиб келмоқда.

2017 йил декабрдан 2019 йил августгача Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлиги (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги)нинг Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, таҳлил қилиш ва стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2023 йилнинг июнь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Собиқ давлат етакчиларининг фарзандлари
Қозоғистон
Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг фарзандлари орасида унинг тўнғич қизи Дариға ўзининг сиёсий фаолияти билан машҳур, у фаолияти давомида 3 марта парламент депутати бўлган. Биринчи марта 2004 йилда “Асар” Республика партияси рўйхатига киритилган.
Дариға Назарбоева ўшанда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари билан шуғулланган, ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитасини бошқарган ва парламентдаги партия фракцияси раҳбари бўлган.

2015-2016 йилларда у бош вазир ўринбосари бўлган, шунингдек, ижтимоий блокни ҳам бошқарган. Шундан сўнг Дариға парламентнинг юқори палатасига ишга ўтди ва у ерда халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари билан шуғулланди.
2016 йилнинг сентябрь ойидан бери Дариға Қозоғистон парламенти Сенати аъзоси, 2019 йилнинг мартидан эса Сенат раиси (спикери) лавозимини эгаллаб келган. Назарбоевнинг тўнғич қизи 2020 йилда Қозоғистоннинг янги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан бу лавозимни тарк этган эди.
2022 йилнинг февралида эса Дариға Қозоғистон парламенти мажлиси депутатлигидан кетишга қарор қилди. 2021 йилнинг январь ойидан буён ВИИ чақириқ депутати, Иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ривожланиш қўмитаси аъзоси бўлган.
Ҳозирда Дариға Назарбоева жамоат фаолияти билан шуғулланади, Нурсултон Назарбоев жамғармасига раҳбарлик қилади, шунингдек, “Қозоғистон аёллар кучлари иттифоқи” аёллар кучлари уюшмаси васийлик кенгаши раиси ҳисобланади.
Қирғизистон
Қирғизистоннинг собиқ президенти Аскар Акаевнинг тўнғич қизи Бермет Акаева бўлиб, у 2005 йил инқилобидан кейин корпоратив рейдлар, коррупция ва фирибгарликда сиртдан айбланган Қозоғистон фуқароси Адил Тойгонбаев билан турмуш қурган.

2017 йилда пойтахтнинг Первомай туман суди Тойгонбаевга мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 20 минг сом жарима жазосини берган. Шунингдек, суд Тойгонбоевдан “Манас” халқаро аэропорти ОАЖ фойдасига 677 миллион сом ундирган.
Ҳозирда Бермет Акаева хорижда яшайди. 2017 йилда у отаси билан Қирғизистон келажаги ҳақида китоб ёзган.
Туркманистон
Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи Ўғулжаҳан Гурбангулиевна Отабоева турмуш ўртоғи Довлет Отабаев билан Буюк Британияда яшаган. Довлет Отабаев Туркманистоннинг Лондондаги элчихонасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
Улар Лондонда жамоатчилик эътиборидан йироқда тинч ҳаёт кечирарди. 2019 йилда лондонлик велоспортчи Атабоевни машина ҳайдаб кетаётиб, телефонидан фойдаланаётганини видеога олиб, уни танқид қилганидан сўнг, эр-хотин эътибор марказига тушган.

Жуфтлик Туркманистонга қайтгач, Отабоев расман Давлат қурилиш қўмитаси раҳбари маслаҳатчиси сифатида қайд этилган. У Аркадағ шаҳридаги тиббиёт муассасаларини назорат қилади. Аркадағ муҳим лойиҳа бўлиб, Бердимуҳамедовлар оиласи унда фаол иштирок этмоқда.
Ўғулжаҳан Отабаева эса 2024 йил декабрда Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги Ҳомийликка муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия жамғармасининг Тиббий фаолият бўйича вице-президенти лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон
Дипломат, профессор, шоира, дизайнер, хонанда, тадбиркор, медиамагнат. Биринчи Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова қисқа вақт ичида кўплаб статуслар олган, ўнлаб соҳаларга қўл урган, аммо ҳеч бири Гулнорага Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, дея тилга олинадиган мақомни бера олмайди. Гулнора Каримова 2004 йилдан қамалгунга қадар нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам катта обрў-эътиборга, мавқега эга бўлган. Каримова қўл урмаган соҳа, бошчилик қилмаган лойиҳалар камдан кам учрарди. Хайрия дейсизми, ёшларга оид давлат сиёсатини юритишми ёки медиа соҳасими, хуллас, ҳеч бири уни четлаб ўтмаган. Унинг қандай фаолият билан шуғуллангани ва айни пайтда қаерда экани ҳақида мана бу ерда танишишингиз мумкин.
Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. Лола Каримова АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.
Live
Барчаси